Қорбобо “Президент совғалари”ни поездда олиб келди
Янги йил байрамини болажонлар интиқлик билан кутади. Эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саргузаштлар, Қорбободан совға олиш уларга завқу шавқ улашади. Оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, “Меҳрли мактаб” ўқувчилари, ота-она қаровисиз қолган, хизмат вазифасини ўташ чоғида вафот этган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун ҳам бу байрам унутилмас онлари билан қадрли. Чунки, улар учун турли ширинликлар, ўқув қуроллари жамланган “Президент совғалари” топширилади.
Бу йилги Янги йил байрамида Самарқанд вилоятидаги 1055 нафар бола “Президент совғалари”ни олади. Улар учун жўнатилган байрам совғалари Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят масъуллари томонидан тантанали кутиб олинди. Давлатимиз раҳбарининг болаларга йўллаган Янги йил байрами табриги, китоблар тўплами, ўқув қуроллари, юмшоқ ўйинчоқлар, дидактик ўйинлар тўплами ва бошқа туҳфалардан иборат “Президент совғалари” туман ва шаҳарларга белгиланган тартибда жўнатилди. Ушбу совғалар жойларда ўтказиладиган “Президент арчаси” байрам тадбирларида ўз эгаларига тантанали равишда топширилади.
[gallery-26859]
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА мухбирлари