Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қорасой” сейсмик станцияси Халқаро сейсмик кузатув тармоғига уланди
20:32 / 2023-05-04

Маълумки, зилзила фавқулодда ҳодисалар орасида жиддий талафот келтириши билан ажралиб туради. Энг ёмони, бу офат бир неча сония ичида минглаб инсонларни ҳалок қилиши, улкан иқтисодий зарар етказиши мумкин.

2023 йил февраль ойида Туркияда содир бўлган кучли зилзила яна бир бор бутун дунё аҳлини ҳушёр торттирди. Бинобарин, эндиликда табиат инжиқлиги оқибатини камайтириш, хусусан, сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштириш, соҳага замонавий тарзда ёндашишни тақозо этмоқда.

Илм-фан, замонавий технология тўхтовсиз ривожланаётган бугунги даврда ҳам зилзила вақтини олдиндан аниқлаш йўли топилганича йўқ.

Ҳозир мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 50 та станциянинг 40 таси сейсмик, қолгани тахминлаш объектларидир. Бу мажмуалар бир сейсмик жараённи мониторинг қилади. Биргина Жиззах вилоятида 4 та ана шундай станция мавжуд бўлиб, кеча-ю кундуз ишлайди.

Жиззах шаҳрига яқин жойлашган “Қорасарой” сейсмик станцияси АҚШ ҳукумати кўмагида замонавий ускуналар билан таъминланиб, қайтадан қурилди.

3 май куни АҚШ элчихонаси томонидан ташкил этилган пресс-турда журналистлар мазкур станциянинг очилиши маросимида иштирок этиб, станция фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур объект Сан-Диегодаги Калифорния университети (UCSD) ва Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Республика Сейсмологик башорат ва мониторинг маркази томонидан, деярли, 2.5 йиллик тайёргарликдан сўнг фойдаланишга топширилди.

Мажмуанинг очилиш маросимида АҚШ элчиси Жонатан Хеник ва фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Мухтор Муҳитдинов сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги алоқа йилдан йилга ривожланиб бораётгани, ҳамкорликда амалга оширилаётган турли лойиҳалар юқори самара бераётганини қайд этди.

Таъкидлаш жоиз, “Қорасой” юртимизда Халқаро сейсмик кузатув тармоғига уланган илк сейсмик станция. Мазкур тармоқ дунё бўйлаб 150 дан зиёд станцияни бирлаштиради.

Лойиҳа АҚШ Миллий илм-фан жамғармаси кўмагида UCSD Халқаро Акселерометрни жойлаштириш дастури доирасида техник хизмат кўрсатиш ва ўқитишни ҳам ўз ичига олади. Станцияда тўпланган маълумотдан халқаро миқёсда олим, муҳандис, талабалар, кенг жамоатчилик интернет орқали фойдаланиши мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, 2020 йил охирида қўшма сейсмик станция барпо этила бошлагач, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида сейсмология соҳасидаги илмий алмашинув сезиларли даражада фаоллашди. 2023 йил 20-24 февраль кунлари Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Америка Энергетика вазирлигининг сейсмик ҳамкорлик дастури доирасида доктор Туну Онур ва доктор Ану Агиярни республикамизга чақирди. Экспертлар ҳукуматимиз билан сейсмик хавфни баҳолашга оид қатор масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга доир таклифларни ўрганиб чиқди. Шунингдек, юртимиздаги сейсмик ва зилзила хавфи билан боғлиқ вазият таҳлил қилинди. Маҳаллий ва хорижий ҳамкасблар миллий маълумотларни Марказий Осиёдаги тарихий сейсмик фаолликнинг минтақавий интеграциялашган маълумот базасига киритиш масаласини муҳокама қилди. Ушбу интеграцияланган маълумотлар минтақада сейсмик хавфни эҳтимолий баҳолаш (PHSA)га оид янада илғор моделлар ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Станциядаги замонавий ускуналар ФВВ ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази кўмагида Калифорния штатидаги Сан-Диего университети (UCSD) профессори РобертМеллорс томонидан ўрнатилди.

Доктор Меллорс 10 йил давомида АҚШдаги Лоуренс Ливермор миллий лабораториясида сейсмология ва қайта тикланадиган энергия йўналишида фаолият юритган. Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва АҚШда сейсмик станциялар жойлаштиришда иштирок этган.

– Станция Ўзбекистон ва Марказий Осиёда сейсмик ҳолат фаоллигини чуқурроқ ўрганиш мақсадида яратилди, – дейди доктор Меллорс. – Олинган маълумот зилзила жойини аниқлаш, зилзила келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфни камайтиришда асқотади. Бу жамоат хавфсизлиги ва фундаментал фан учун жуда муҳим. Қурилма аниқлаган маълумот шу заҳоти интернетга жойланади. Яъни, маълумот тезкор узатилади. Мосламалар тун-у кун ишлайди. Махсус мосламалар, мабодо, электр таъминотида узилиш юз берган тақдирда ҳам маълумотни тезлик билан аниқлаб, хабарни узатади. Станция қурилган жойнинг тинч, осудалиги маълумот аниқлашни енгиллаштиради.

– Ўзбекистон сейсмик фаол мамлакат ҳисобланади, – дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази бошлиғи ўринбосари Саъдулла Набиев. – Шу боис, республикамиз ва бизга чегарадош ҳудудларда тез-тез зилзила содир бўлиб туриши табиий ҳол. Ҳудудда 1900 йилдан шу кунга қадар 77 марта кучли, ҳалокатли зилзила содир бўлган. Шундай экан, аҳоли ва иншоотлар сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг янги усулларини жорий қилиш, қурилиш бўйича назоратни кучайтириш, кучли зилзилани башорат қилиш ва ҳодисага тайёргарлик кўришга доир замонавий тизимни амалиётга татбиқ этиш энг муҳим талаблардан биридир.

Эътиборли жиҳати, эндиликда “Қорасой” сейсмик станцияси ва бу ердаги замонавий қурилмалар зилзила ва ер пўстлоғидаги ўзгаришга оид маълумотни йиғиш, таҳлил этиш, тарқатишга кўмаклашади.

Гўзал Сатторова, ЎзА