Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоқ тилининг мавқеи ва нуфузи тобора ошмоқда
16:48 / 2025-12-02

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 36 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон  ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.  

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, барчани Қорақалпоғистон Республикаси “Давлат  тили тўғрисида”ги қонун қабул  қилинган кун билан самимий муборакбод этди.  

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида давлат тилимизни янада ривожлантириш ва уни соф сақлашга, халқаро майдондаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.  

Мана шундай эзгу ишлар натижасида сўнгги йилларда қорақалпоқ тилининг нуфузи ва мавқеини юксалтиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоқ тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган қисқа давр мобайнида луғатлар, қўлланмалар ва монографиялар кўп минг нусхада нашр этилгани, қардош халқлар ва жаҳон адабиётининг сара асарлари қорақалпоқ тилига таржима қилинаётгани, географик объектлар номларини давлат тили меъёрларига мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилаётгани, бугунги кунга қадар 12 мингдан ортиқ кўча номлари давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқлаштирилиб, давлат реестри базасига киритилгани, қолаверса, сўнгги 2 йил ичида 200 га яқин объект давлат тили талаблари асосида қайта номлангани қайд этилди.  

Албатта, буларнинг барчаси қорақалпоқ  тилини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси эканлигини чуқур англаймиз. Шу ўринда, мазкур тилда иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Қорақалпоғистон бўлимида бугунги кунга қадар муассаса ва ташкилотларнинг 4 минг нафардан ортиқ мутахассиси ўз билимларини такомиллаштирганини айтиб ўтиш мумкин.

Шу билан бирга, сунъий интеллект ва IT соҳалари ривожланиб бораётган бугунги кунда қорақалпоқ тилини рақамлаштириш масаласида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қорақалпоқ тилидаги аудиокитоблар платформаси ва мобил иловаси яратилгани, бугунги кунга қадар жаҳон адабиёти, ўзбек ва қорақалпоқ адабиётининг 100 га яқин энг машҳур асарларининг аудио вариантлари тайёрлангани, ҳозирги вақтда қорақалпоқ халқ достонлари ва эртакларининг аудио вариантлари ишланаётгани, шунингдек, “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати”нинг мобил иловаси яратилгани, бундан ташқари, қорақалпоқ тилидаги матнларни таҳрирлаш, турли тилларга, лотин ва кирилл ёзувига таржима қилишга мўлжалланган электрон дастурлар амалиётда фаол қўлланилаётгани - бунга яққол мисол бўла олади.

Қолаверса, сана муносабати билан республиканинг барча жойларида байрам тадбирлари, учрашувлар, адабий кечалар ва турли танловлар ўтказилмоқда.  Бу йилги байрамнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилда қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислиги ташкил этилганига 90 йил тўлади.

Ана шу муносабат билан Нукус шаҳрида халқаро илмий-назарий конференция ташкил этилиб, унда бир қатор хорижий олимлар иштирок этмоқда. Бу кўп миллатли халқимизга, қорақалпоқ тилига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ифодаси ҳисобланади.

[gallery-26510]

Албатта, бундай тадбирлар ўз навбатида қорақалпоқ тилини янада ривожлантириш ва унинг нуфузини янада оширишда, айниқса, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Қорқалпоқ халқи ўзининг олис ўтмиши давомида миллий қадриятларимизни, жумладан, ўз тилини йўқотмасдан уни бугунги кунгача етиб келишига эришганини биламиз.  Шундай экан, бундай бебаҳо бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, уни келгуси авлодга безавол етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Тадбир санъат усталарининг байрам  концерт дастури билан давом этди.

Тантанали маросимда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т. Худойбергенов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари