Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоқ тили байрамига бағишланди
18:15 / 2025-11-29

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 1 декабрь – Қорақалпоқ тили байрами куни ҳамда қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллигига бағишланган байрам кечаси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, олий таълим муассасаларидан олимлар, институт профессор-ўқитувчилари, педагог ходимлари, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этишди.

Байрам кечасида Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти профессори Пердебай Нажимов, профессорлар Қутлимурат Қошанов, Гулмурза Қурбаниязов, Алима Пирниязова, Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистан Даулетовалар қорақалпоқ тилига давлат тили мақомининг берилиш тарихи, туркий тиллар тизимида қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва бугунги кунда учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш учун олдинда турган вазифалар, қорақалпоқ тили ривожланишининг ҳуқуқий асослари, интернет тармоқларида қорақалпоқ тилини ривожлантириш масалалари бўйича маърузалар қилишди.

Маърузаларда қайд этилганидек, ҳозирги вақтда дунёда олти мингдан зиёд тил мавжуд бўлса-да, уларнинг атиги 170 дан ортиғи ўз давлат тили мақомига эга. Улар орасида қорақалпоқ тилининг ҳам борлиги катта қувонч ва ифтихордир.

Қорақалпоқ тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг ўзлигини англаши, мустақил ҳаёт кечириши ва аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий меросларимиз, асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиб беришдек олийжаноб ишда ташланган муҳим, тарихий қадам бўлди.

Мустақиллик йилларида қорақалпоқ тилининг миллий хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга кўтариш, жаҳон тиллари қаторидаги обрў-эътиборини ошириш, келажак авлодларга етказиб беришдек ишларда сезиларли натижаларга эришилди. Шулардан бири сифатида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг қўллаб-қувватлаши билан VII жилддан иборат “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати”нинг нашр этилганлигини таъкидлаш жоиз.

Тадбир доирасида институтда байрам муносабати билан бир қатор маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда фаол иштирок этган профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларга фахрий ёрлиқлар ҳамда байрам совғалари топширилди.

Байрам кечаси институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли аъзолари, шунингдек, филология факультетининг иқтидорли талабалари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА