Президент Шавкат Мирзиёев раислигида спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йирик мусобақалар натижалари ҳамда 2026 йил учун мўлжалланган вазифалар юзасидан ўтказилган тақдимотда ёшларни оммавий спортга жалб этишда спорт мактабларининг маҳаллаларгача кириб боришини таъминлаш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш тизимини мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
—Дарҳақиқат бугунги кунда юртимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолини, айниқса ёшларни спортга кенгроқ жалб этиш, спорт турларини янада ривожлантириш борасида барча имкониятлар яратилган,—деди Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Азамат Қалбаев.—Вазирликга қарашли жами 158 спорт иншооти, шундан 1 манеж, 9 та бассейн, 22 та стадион, 64 та спорт зали, 2 та гандбол, 14 та баскетбол, 3 та футбол, 12 волейбол майдони, 14 теннис корти ҳамда 1 отчопар майдони бор. Шунингдек 26 та спорт муассасасида жами 50 минг нафардан зиёд спортчи ёшлар шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 44 спорт федерацияси (ассоциацияси) фаолият юритаяпти.
Сўнгги йиллари Оролбўйида спорт иншоотларини қуриш ва реконструкция ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жами 4 та спорт объектига 52,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, 3 та объект қурилиш ишлари тўлиқ якунланди. Шундан Нукус шаҳри "Турон" стадионини реконструкция қилиш, Нукус шаҳри "Қўсбулоқ" маҳалла фуқаролар йиғинидаги футбол академиясини капитал таъмирлаш, Нукус шаҳри "Тахиатош гузари" маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Кураш маҳорати” спорт мактабини қуриш, Нукус шаҳри Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
[gallery-27262]
Инвестиция дастури асосида 2025 йилда Нукус шаҳридаги “Турон” стадионини реконструкция қилиш ишларига 27 миллиард сўм, Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ҳомийлик маблағи ҳисобидан 79,1 миллиард сўм, Нукус шаҳрида бокс спорт зали қурилиш ишлари учун 3,1 миллиард сўм, Кегейли тумани “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган спорт комплексини реконструкция қилиш ишларига 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари тўлиқ якунланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 июлдаги “Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ҳамда “Ташаббусли спорт” лойиҳаси асосида 28 та спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
“Опен бюджет” дастури асосида Хўжайли тумани спорт мактабининг бокс залини реконструкция қилиш учун 1,3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари сифатли якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги "2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида 24 модулни ўз ичига олган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими ишлаб чиқилди. Шу ҳисобдан бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Қорақалпоғистон Республикасида Спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларни ва аҳоли қатламларини оммавий спортга жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2025 йил давомида 9 минг 555 та оммавий спорт тадбири ўтказилиб, уларга 846 минг 436 нафар киши қамраб олинди.
2025 йилда қорақалпоғистонлик спортчилар Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва кубоклари, халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, 3 минг 851 та медални қўлга киритди. Шундан Ўзбекистон чемпионати ва кубогида 3 минг 206 медаль (711 олтин, 959 кумуш ва 1 минг 536 бронза), Осиё чемпионати ва кубогида 165 медаль (49 олтин, 36 кумуш ва 80 бронза), жаҳон чемпионати ва кубогида 72 медаль (21 олтин, 18 кумуш ва 33 бронза), халқаро турнирларда 408 медалга (149 олтин, 95 кумуш ва 164 бронза) сазовор бўлди. Шунингдек, спорт турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоаси таркибига 959 нафар спортчи (548 нафари асосий ва 411 нафари захира таркибига) етказиб берилди.
2028 йили АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини ҳар томонлама пухта тайёрлашни ташкил этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан қорақалпоғистонлик спортчиларда мазкур Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун 52 нафар спортчи (35 нафари Олимпия ва 17 нафари Паралимпия ўйинларига) қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА