English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоқ спортчилари ҳам жаҳон ареналарида муносиб иштирок этмоқда
18:36 / 2025-07-25

Барчангизга маълумки, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, аҳолини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан Спорт вазири Еркинбай Қутибаев билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

–Айтингчи, Оролбўйида спорт соҳасида мутахассислар тайёрлаш ишлари қандай йўлга қўйилган?

– Бугунги кунда Қорақалпоғистонда жами 158 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Нукус филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали, Қорақалпоғистон Республикаси Футбол академияси, Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳамда шаҳар ва туманларда 19 та спорт мактаби (9 та сузиш ҳавзаси, 22 та стадион, 61 та спорт майдони, 1 манеж, 1 отчопар майдончаси) фаолият олиб бормоқда. Ушбу спорт объектларидаги спорт секцияларида жами 54 минг нафардан ортиқ ёшга 1 минг 566 нафар мураббий спорт сирларини ўргатиб келмоқда. Шунингдек, умумтаълим мактабларидаги 2 минг 256 та спорт тўгарагига 37 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар қамраб олинган.

[gallery-24476]

Шу билан бирга, ҳудудимиздаги Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида жами 2 минг 554 нафар малакали кадр тайёрланмоқда ҳамда уларга 139 нафар педагог кадр таълим-тарбия бермоқда.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 43 та спорт федерацияси ва ассоциацияси фаолият юритмоқда (24 та олимпия, 14 та ноолимпия, 4 та миллий, 1 та адаптив). Спорт таълим муассасаларида спортнинг 63 та тури бўйича машғулотлар олиб борилади. Шундан 33 Олимпия, 15 паралимпия, 12 ноолимпия, 3 миллий спорт турлари бўйича 3 минг 743 спорт гуруҳида 54  минг 98 спортчи мунтазам равишда шуғулланиб келмоқда.

–Бугунги кунда спортчиларимизнинг жаҳон ареналаридаги натижалари қандай бўлмоқда?

– 2024 йилда амалга оширилган ижобий ишлар натижасида Жаҳон, Осиё, халқаро ва республика мусобақаларида Қорақалпоғистон ёшлари муносиб иштирок этиб, 998 та олтин, 1 минг 14 та кумуш, 1 минг 535 та бронза жами 3 минг 547 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Шу билан бирга, спортчиларимиз жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида Ўзбекистон чемпионати ва кубоклари, Осиё, жаҳон чемпионати ва кубоклари, халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, жами 1 минг 827 та медални қўлга киритишди.

Маълумки, бугунги кунда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шароитлар яратишга, шунингдек, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Президентимиз раислигида 2025 йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар бу борадаги эзгу ишларни янги босқичга кўтармоқда. Ана шу белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Спортнинг 63 та тури бўйича Олимпия, жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионлари мактабларга бириктирилиб, улар томонидан ёшларни спортга жалб этиш бўйича "Маҳорат дарслари" ўтказиб келинмоқда.

2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида Қорақалпоғистонда жами 4 нафар спортчи, жумладан, Оқтенга Кеунимжаева, Зайнаб Дайибекова, Шаҳзода Ибрагимова ва Шарофиддин Болтабаевлар мамлакатимиз терма жамоалари таркибида иштирок этиган бўлса, 2028 йил АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида 23 нафар спортчи, шундан 10 пара спортчи қатнашиши кутилмоқда.

–Оролбўйи аҳолисини жисмоний тарбия ва спорт тадбирларига қамраб олиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

–2025 йилнинг 6 ойи давомида жами 5 минг  286 та оммавий спорт тадбири ташкил этилиб, уларга 464 минг 403 нафар аҳолимиз вакиллари (шундан 166 минг 998 нафари хотин-қиз) қамраб олинган.

"Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида май ойида мактаб ўқитувчилари ва ходимлари ўртасида 5 та спорт туридан 53 минг 21 нафар ходимдан амалда 18 минг 193 нафари иштирок этди. Маҳаллаларда яшовчи 30 ёшдан юқори аҳоли вакиллари орасида 7 та спорт тури бўйича жами 736 минг 994 нафар кишидан 135 минг 500 нафари иштирок этиши  режалаштирилган. Ҳозирги кунда 169 минг 343 нафари 5tashabbus.uz платформасидан мусобақаларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди ва амалда 148 минг 126 нафари спорт мусобақаларида иштирок этди.

Махсус жисмоний тайёргарлик синовлари бўйича жами 1 минг 634 нафар  ўқувчи муваффақиятли топшириб, шундан 302 нафар ўқувчи 1-даражали, 1 минг 3 нафар ўқувчи 2-даражали, 329 нафар ўқувчи эса 3-даражали кўкрак нишони ва спорт кийимлари билан тақдирланди.

Шунингдек, жорий йилнинг май-июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича олий ўқув юртларининг 18-29 ёшдаги талаба-ёшлари ўртасида жисмоний тайёргарлик синовлари ўтказилди. Бугунги кунда 19 минг 569 нафар талаба-ёш электрон платформа орқали рўйхатдан ўтиб, шундан 13 минг 387 нафари жисмоний тайёргарлик спорт синовларини топширди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан, олимпия спорт турлари (енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо WТ, оғир атлетика, бокс, бадиий гимнастика, дзюдо, стол тенниси) бўйича уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси" мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган. Шундан, бугунги кунда 10 та спорт тури бўйича мусобақаларнинг 1-босқичи ўтказилди.

–Қорақалпоғистонда спорт иншоотлари қурилиши юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

–Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 июлдаги “Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ғолиб бўлган ҳамда спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳаллаларда 2025 йилда 11 дона спорт майдончасини қуриш белгиланган. Бундан ташқари, "Ташаббусли спорт" электрон платформаси орқали овоз бериш жараёни давомида шаҳар ва туманлардан жами 17 та стритбол-воркаут майдончаси қўлга киритилди. Ҳозирда ушбу спорт майдончаларининг қурилиш ишларини бошлаш учун ер ажратиш ҳамда рухсатномасини олиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига тавсия берилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида 2022-2024 йиллар мобайнида жами 104 дона (30 та универсал, 53 та стритбол воркаут, 21 та воркаут) спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори асосида гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказини янгидан қуриш бўйича 79,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги "2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказини реконструкция қилиш ишларига 13,4 миллиард сўм, Нукус шаҳри "Тахиатош гузари" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан "Кураш маҳорати" спорт мактабини янгидан қуриш ишларига 14,1 миллиард сўм, Нукус шаҳри футбол академиясини капитал-таъмирлаш ишларига 4,3 миллиард сўм, Нукус шаҳридаги "Турон" стадионини реконструкция қилиш ишларига 48 миллиард сўм маблағ ажратилиб, (жами ажратиладиган маблағ 107,3 миллиард сўм) қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикасининг маҳаллий бюджети ҳисобидан бокс залининг қурилиши учун 3,1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунда фойдаланишга топширилди.

Хулоса қилиб айтганда, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳолини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний жиҳатдан чиниққан, соғлом, баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, мамлакатимиз шаънини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қилиб, ватанимиз байроғини юксакларда ҳилпиратиш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

 

Суҳбатдош: Довуд Абибуллаев,  Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА