Жорий йилнинг 15 февраль куни Италиянинг Аквила шаҳридаги “ALFREDO CASELLA” консерваторияси билан халқаро грант асосида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.
Ушбу ҳамкорлик келишуви асосида жорий йилнинг 30 сентябрь ва 1 октябрь кунлари Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида италиялик санъат ва маданият соҳаси ходимлари билан ҳамкорликда "ItARTs" лойиҳаси доирасида фестиваль ташкил этилди.

Фестиваль доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида кўтаринки руҳда концерт бўлиб ўтди.

Концертнинг I қисмида республика ва халқаро танловлар лауреати “Жайҳун” халқ чолғулари оркестри томонидан бадиий раҳбар “Шуҳрат” медали соҳиби, Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган ёшлар устози, профессор Ҳикмат Ражабов дирижёрлигида Жоаккино Россинининг "Севильялик шаҳзода” операсидан увертюра, Эдуардо ди Капуа, Джованни Капурронинг “O Sole mio”, Италия композиторларининг асарларидан попурри, Луиджи Денцанинг "Funikuli-funikula”, Эрнесто де Куртиснинг “Torna a Surriento”, Джоаккино Россинининг “Kavatina figar”, Джузеппе Вердининг “Травиата” операсидан “Застольная песня” каби Италия мусиқа санъатининг машҳур асарлари алоҳида маҳорат билан ижро этилди.


Иккинчи бўлимда италиялик талабалар томонидан Клаудио Монтеверди, Франческо Кавалли, Доменико Скарлатти, Доменико Чимароза, Росси́ни Джоакки́но, Джузеппе Верди, Джакомо Пуччини операларидан парчалар намойиш қилинди.
Фестивальнинг иккинчи кунида италиялик тажрибали устозлар томонидан ўтказилган маҳорат дарслари талаба-ёшлар учун унутилмас тажриба мактаби вазифасини бажарди десак, муболаға бўлмайди. Чунки улар ўзларининг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлади. Шундай қилиб, италиялик санъат соҳаси ходимларининг Оролбўйига ташрифи унутилмас воқеаларга бой бўлди. Энг асосийси, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар янада мустаҳкамланиб, мусиқа санъати ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири