Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Қорақалпоғистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.
Жиззах воҳасининг энг чекка Бахмал туманида ташкил этилган ушбу тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманининг Маданият бўлими жамоаси томонидан намойиш этилган концерт дастури қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Бу тадбир орқали олис ҳудудларда яшовчи аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, ижодий жамоаларнинг республика бўйлаб гастроль сафарларини тизимли ташкил этиш ҳамда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар изчил давом эттирилаётгани яққол намоён бўлди.

Тахтакўпирлик санъаткорлар томонидан тақдим этилган концерт дастури миллий куй-қўшиқлар, фолклор чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва жонли ижролар билан жуда ҳам томошабоп бўлди. Дастур томошабинларга юксак маънавий завқ улашди, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Бахмал аҳолиси тадбирни ғоят катта қизиқиш ва самимий олқишлар билан кутиб олди. Бу эса маданият ва санъат инсонларни бирлаштирадиган, халқлар дўстлигини мустаҳкамлайдиган беқиёс куч эканини яна бир бор тасдиқлади.
А. Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари