Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида “Мулоқот: анъана ва замонавийлик” мавзусида қорақалпоқ буюмлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлди.
Ушбу кўргазмада Қозоғистон Республикасининг Евро дизайнерлар тўгараги аъзолари вакиллари, шунингдек, Қозоқ миллий дизайн академияси академиги Тозабека Солиева ва Исмет Айимбетовларнинг ҳунармандчилик асарлари ихлосмандлар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Улбосин Утегенова, Қорақалпоғистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик Сарсенбай Байбосинов ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад анъанавий ҳунармандчиликни замонавий услубда таништириш, маданий мерос ва замонавийлик ўртасидаги ижодий мулоқотни ривожлантиришдан иборат эканлигини таъкидлашди. Шунинг учун ҳам тадбир санъат ихлосмандлари, дизайнерлар, талабалар ва миллий маданиятга қизиқувчи барча томошабинларга мўлжалланган.
Экспозицияда фелтинг, қуруқ жун билан ишлаш ва рангтасвир санъати орқали бажарилган ишлар намойиш этилди. Асарларда миллий анъана ва замонавий бадиий услубларнинг ўзаро уйғунлиги яққол намоён бўлади.
Исмет Айимбетовнинг ҳунармандчилик асарлари майда деталлардан ташкил топган кичик инсталляцион кўринишдаги миллий сувенир буюмларидан иборат бўлиб, бу бадиий-санъатга қизиқиш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ижодий босқич эканлигини кўришимиз мумкин.
Чунки И. Айимбетов қорақалпоғистонлик машҳур адабиётшунос, ёзувчи, профессор Қалли Айимбетовнинг набираси ҳисобланади.
Тозабека Солиева 1971 йил 17 ноябрда Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида туғилган. 1989 йилда техникумни таълимни тугатиб, туман Маданият уйида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1993-1998 йилларда ҳозирги Ўзбекистон давлат хореография академиясида таҳсил олган. 1998-2002 йилларда Нукус давлат мусиқали драма театрида актёр бўлган, шу билан бирга, Нукус коллежида хореографиядан ҳам талабаларга дарс берган. 2002 йилда Қозоғистонга кўчиб келгандан сўнг, Остона шаҳрида болаларга хореографиядан таҳсил бериш билан бир қаторда, Қозоқ миллий санъат университетида ҳам фаолият юритган.
[gallery-27020]
2016 йилдан бошлаб Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳридаги Жайҳун қорақалпоқ миллий этномаданий маркази раҳбари бўлиб ишлаш билан бирга, ўзининг Vivat Dance Астана студиясини бошқариб келмоқда. Хореография соҳасида етакчилик қилиш билан бирга, миллий маданият ва замонавий ижодни уйғунлаштирган ҳунармандчилик ишларини ҳам олиб боради.
Кўп йиллар давомида маданият ва санъат соҳасида меҳнат қилиб, миллий анъанани замонавий ижод билан уйғунлаштириб келмоқда. Асарларида она замин руҳи, миллий ўзига хослик ва эстетик изланиш яққол тасвирланган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари