Бугун биз Қорақалпоғистонликлар учун юксак ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотган тарихий воқеага гувоҳ бўлмоқдамиз. Асрлар давомида аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бетакрор маданий қадриятларимизнинг ЮНЕСКО томонидан халқаро миқёсда эътироф этилгани халқимизнинг маънавий камолоти ва маданий салоҳиятининг ёрқин ифодасидир.
Жорий йилнинг декабрь ойида Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 20-сессияси кўп миллатли Ўзбекистонимиз учун муҳим натижаларга бой бўлди. Айниқса, қорақалпоқ халқининг миллий мусиқа маданиятида алоҳида ўрин тутадиган “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” ҳамда аждодларимиздан бизгача етиб келган уй-жой қуриш анъаналарини ўзида мужассам этган “Қора уй” (ўтов) қуриш анъаналарининг ЮНЕСКО рўйхатларига киритилиши жамоатчиликни янада руҳлантирди. Шунингдек, бу қорақалпоқ халқининг бой тарихи ва маданияти билан бир қаторда бутун Ўзбекистоннинг маънавий меросига берилган халқаро баҳодир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги натижаларга эришишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий жамоалар, маданият соҳаси вакиллари, ҳунармандлар, тадқиқотчилар ҳамда фаол фуқароларнинг ҳиссаси беқиёсдир. ННТлар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, маданий лойиҳалар, устоз-шогирд анъаналарини сақлашга қаратилган ташаббуслар ушбу мероснинг йўқолиб кетмаслигига хизмат қилмоқда.
“Қора уй” қуриш анъаналарида жамланган билим ва кўникмалар қорақалпоқ халқининг меъморий тафаккури, табиат билан уйғун яшаш маданияти ва жамоавий меҳнат анъаналарини ифодалайди.
Шунингдек, қўбизнинг эпик достонларни ижро этишдаги ўрни, жамиятда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти бу санъат турларини асраш ва ривожлантиришда фуқаролик жамиятининг ролини янада оширади.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўз фаолиятида маданий меросни муҳофаза қилиш, уни тарғиб этиш, ёш авлод онгига сингдириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олган. Бу йўналишда Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ишлар, жамоатчилик иштирокидаги лойиҳалар ва ташаббуслар ўзининг самарасини бермоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қорақалпоқ халқининг маданий меросини асраш ва ривожлантиришга қаратилган вазифалар белгиланган бўлиб, бу жараёнда давлат идоралари билан бир қаторда нодавлат секторнинг фаол иштирок этишига кенг имконият яратилган.
Бугунги эътирофлар ана шу ҳамкорликнинг амалий натижасидир.
Бу шубҳасиз, халқимизнинг, айниқса маданият ва фуқаролик жамияти соҳасида меҳнат қилаётган минглаб фидоий инсонларнинг умумий ютуғидир. Ишончим комилки, ушбу халқаро эътирофлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини янада кучайтиради ва миллий меросимизни асраб-авайлаш йўлида янги марраларга ундайди.
Биз эса ўзлигимизни, бой маданий қадриятларимизни сақлаган ҳолда, халқимиз билан бирга навбатдаги юксак чўққилар сари қадам ташлашда давом этамиз.
Қ.Каримходжаев,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси худудий бўлинмаси бошлиғи
ЎзА