Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари иштирокида Халқаро чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни муносабати билан КОICA-GGGI Орол денгизи инқирозига қарши курашишга қаратилган лойиҳа бўйича ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Парк Сунжин хоним, директор ўринбосари Сонг Мингёнг хоним, Глобал яшил ўсиш институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори доктор Аарон Рассел ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусупбек Казбеков иштирок этди.
Учрашувда 17 июнь БМТ томонидан белгиланган «Халқаро чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни» экани эътироф этилиб, экологик тикланиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ишларига муваффақиятлар тиланди.
Мулоқот давомида KOICA-GGGIнинг 2021 йилги янги — “Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг экологик тикланиши” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Орол денгизи ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари ва ушбу лойиҳа самарадорлигини ошириш бўйича келгусидаги вазифа ҳамда чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
— “Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг экологик тикланиши” лойиҳаси 2021-2024 йилларга мўлжалланган, — деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусупбек Казбеков. — Лойиҳанинг умумий қиймати 5,6 миллион долларни ташкил этиб, ушбу лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ҳамкорлик лойиҳаси ҳисобланади. Мазкур лойиҳадан кўзланаётган асосий мақсад Орол денгизи экологик инқирозининг оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил тикланишига ёрдам бериш ва табиий офатлардан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар аҳолиси учун табиий хатарларга бардошли барқарор ҳаёт кечиришига қаратилган чораларни белгилашдан иборат.
Учрашувда таъкидланганидек, яшил тикланишга қаратилган ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасининг 4 та тумани — Кегайли, Бўзатов, Чимбой ва Қораўзак туманларида амалга оширилади. Жумладан, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда табиий офатлар билан боғлиқ хавфларни самарали бошқариш механизмларини яратиш, Қорақалпоғистон учун яшил тикланиш бўйича барқарор режаси ва уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун яшил бизнес моделлари ва бизнесни ривожлантириш платформасини яратиш, фермер хўжаликларини иқлимни тиклаш фаолиятида уларнинг молиявий шароитини яхшилаш орқали аҳолининг яшаш даражасини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилади. Шунингдек, мазкур туманларда барқарор агробизнес учун молиялаштириш йўналишларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро аҳдлашув меморандуми КОICA ва GGGI ўртасида жорий йилнинг июль ойида имзоланиши кўзда тутилган.
— Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Қорақалпоғистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг инсон хавфсизлиги бўйича экологик хавфни бошқариш ва жавоб бериш имкониятини оширади, — дейди Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Халқаро ҳамкорлик ва лойиҳалар бўлими етакчи мутахассиси Анвар Турсуналиев. — Шунингдек, танланган ҳудудлар маҳаллий иқтисодиёти табиий офатларга бардошли ва яшил бизнес моделлари билан таъминланади. Қорақалпоғистоннинг мақсадли туманларида молия ва банк инфратузилмаси йўналишлари сезиларли даражада яхшиланади.
Учрашувда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари лойиҳа тақдимоти билан танишар экан, ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
[gallery-2834]
Муҳтарама Комилова, Отабек Мирсоатов(сурат), ЎзА