Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонлик йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди
18:59 / 2023-03-09

Нукус шаҳридаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат байроқлари қад ростлаб турган майдонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига тантанали равишда кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ота-оналар, ўқувчи ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев,  Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Ф.Шерматов ва бошқалар сўзга чиқиб Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга йўл олган бир гуруҳ йигитларга омад ва зафарлар тилади.  

Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари хизмат итларининг тайёргарлик машқлари, ҳарбий оркестр ва эстрада хонандалари ижросидаги куй ва қўшиқлар ҳамда фахрий қоровулнинг саф элементларидан иборат кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.  

Кузатиш маросимида Нукус шаҳри ва туманидан жами 4 та “Ватан таянчи” отрядининг 84 нафар аъзосига “Ватан таянчи” кўкрак нишони топширилди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори асосида бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай, Қонликўл, Амударё, Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний туманларида ташкил этилган “Ватан таянчи” отряди аъзоларига кўкрак нишонлари топширилган эди. Бу ҳаракат ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиб, ёшларга оид давлат сиёсатининг мутлақо янгича тизими сифатида фаолият бошлади.  

Ота-оналари ва яқинлари билан қисқа дақиқалик хайрлашувдан сўнг  эгнига ҳарбий либоси ярашган йигитлар Ватан ҳимоясига отланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири