Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонлик маданият ва санъат фидойилари тақдирланди
22:35 / 2022-04-16

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланди.

Шу муносабат билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида соҳа ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида 3 та давлат театри, 2 та олий таълим муассасаси, 2 та ихтисослаштирилган  маданият ва санъат мактаби, Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, республика кўзи ожизлар кутубхонаси,  3 та концерт ташкилоти, 60 та шаҳар ва туман маданият маркази фаолият олиб бориб, уларда 3 минг нафарга яқин ходим меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида 16 та мутахассислик бўйича 1027 нафар, ўтган йили фаолиятини бошлаган Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалида 5 та йўналиш бўйича 47 нафар ёш таълим олмоқда.
Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йиллари  Мўйноқ, Элликқалъа, Хўжайли, Чимбой туманларида болалар мусиқа ва санъат мактаби, Нукус шаҳрида Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, республика кўзи ожизлар кутубхонаси бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Тўрткўл, Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ, Тахтакўпир, Қўнғирот, Чимбой, Кегейли, Элликқалъа, Беруний туманларида маданият марказларида қурилиш ишлари олиб борилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида 300 ўринли ётоқхона, Қораўзак туманида 220 ўринли маданият маркази янгидан барпо этилиб, Шўманой туманида Маданият марказида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Нукус, Кегейли, Чимбой, Тахиатош, Қўнғирот, Шўманой туманларида республика ва маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан мана шундай қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг, Нукус шаҳар ҳокимлигининг, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Маданият вазирликларининг Фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди. Байрам тадбирлари Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар ҳамда Қўғирчоқ театрларида, Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи атрофидаги майдонда, туманларда давом этди.

[gallery-6662]

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА