Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонлик божхоначилар ахборот технологиялари бўйича малака оширди
08:43 / 2022-10-21

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, божхона ходимларининг билим савиясини янада ошириш мақсадида IT – Park ва ҳудудлардаги IT – марказларда рақамли технологиялар йўналишида 500 нафар ходимни онлайн шаклда маҳаллий ва халқаро IT – сертификатларга ўқитиш белгиланган, шундан 40 нафари эса қорақалпоғистонлик божхоначилардан иборат.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси, “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” (It-Park) МЧЖ масъул вакиллари иштирок этган тадбирда ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ходимларга сертификатлар топширилди.  

Бугун божхона органларида кенг жорий этилган ахборот технологиялари ва ахборот тизимлари, интерактив хизматлар натижасида мамлакатимиз ташқи савдо айланмасини ташкил этувчи экспорт ва импорт амалиётлари самарали ва тез фурсатларда бажарилмоқда, божхона чегаралари орқали фуқаролар ва товарлар ҳаракатида эса тирбандликларга барҳам берилмоқда.

Божхона тартиботларини соддалаштириш  ва рақамлаштириш борасида олиб борилган ишлар натижасида чегара божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятлари бир неча баробарга ортди ва божхона расмийлаштируви вақтини 10-15 дақиқагача қисқартиришга эришилди.

Бугунги кунда Давлат божхона қўмитаси томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш натижасида автоматлаштирилган ахборот тизимлари сони 64, интерактив хизматлар сони 33 та бўлиб, масофавий онлайн хизмат кўрсатиш ишлари жадал ривожланган.

Айниқса, сўнгги йилларда ишлаб чиқилган ахборот тизимлари божхона расмийлаштируви вақтини кескин қисқартиришга, “қоғозсиз ва электрон божхона” тизимининг тўлиқ яратилишига замин яратди.

Хусусан, “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча”, “Электрон божхона расмийлаштируви” ахборот тизимларининг яратилиши ва такомиллаштирилиши натижасида расмийлаштирув вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди.

Маълумот учун, тизим орқали экспортда 84 фоиз, импортда 74,4 фоиз юк соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Божхона идораларида яратилган ахборот тизимлари орқали тадбиркорларда ҳалоллик ва қонунга итоаткорликка интилиш рағбатлантирилмоқда. Божхона постларини замонавий техник назорат воситалари билан жиҳозлаш ва “рақамли божхона” постларини ташкил этиш божхона органлари олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги “Даут-ота” чегара божхона пости юк автотранспорт воситаларини сканер қилувчи стационар инспекцион кўрик мажмуаси (ИКМ) билан, “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости эса темир йўл юк вагонларини сканер қилувчи стационар ИКМ билан таъминланган бўлиб, улар ёрдамида бугун божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт ва темир йўл вагонларининг божхона назорати тез фурсатларда самарали амалга оширилмоқда.  

Бугунги кунда қўл юк ва багажларнинг божхона назорати чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига ўрнатилган 15 та сканер-рентген қурилмаси орқали амалга оширилмоқда.  

Шунингдек, автотарози, автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини аниқлаш тизими, инсон танасини сканерловчи “Body scanner” қурилмалари ва бошқа назорат техник воситалари божхона назоратининг шаффоф, тезкор ва сифатли бўлишини таъминламоқда.  

Бу йўналишда божхона ходимларининг малакасини доимий равишда ошириб бориш, ахборот технологиялари ва ахборот тизимларида ишлаш кўникмаларини орттириш муҳим аҳамият касб этади.  

Ўз устида ишлаб, олган назарий билимларини амалиётга кенг татбиқ этаётган божхона ходимлари Янги Ўзбекистондаги рақамли божхонанинг ҳақиқий яратувчиларидир. Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлиги, контрабанда маҳсулотларининг ноқонуний айланмада бўлишининг олдини олишда ҳам улар катта таянч вазифасини бажариб келмоқда.  

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА