Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонлик 11 минг ва хоразмлик 12 мингга яқин ўқувчи ҳамда ўқитувчилар амалий ўқ отиш машғулотларида қатнашди
19:54 / 2021-05-24

2020 йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда умумтаълим муассасалари 11-синф ўқувчиларининг Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фанидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув йилида бир марта ҳарбий полигонга олиб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича берилган топшириқ мамлакатимизда ёшларни армияга қадар тайёрлашда тарихий воқеа сифатида муҳрланиб қолди.

Ушбу топшириққа асосан, 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Халқ таълими вазирликларининг қўшма қарори имзоланиб, унга кўра, ҳар йили март ва май ойларида 11-синф ўқувчиларининг ҳарбий полигонларда бир кунлик амалий машғулот ўтиши белгиланган бўлиб, барча харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига асосан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, шу жумладан, фуқаро муҳофазаси бўйича тайёргарлик ўқув дастуридаги мажбурий фан бўлиб, умумтаълим мактабларида ва ўрта махсус таълим муассасаларида чақирувга қадар тайёргарлик ўқитувчилари томонидан битириш йили арафасидаги курслардан ёки синфлардан бошлаб ўтилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихи ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантиришда Вазирлар Маҳкамасининг2014 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ёшларини ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг ўрни муҳим бўлмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери жорий йилда биринчи маротаба мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигига қарашли Қорақалпоғистон Республикасидаги “Нукус” ва Хоразм вилоятидаги “Янгиариқ” дала-ўқув майдонларида жанговар қуролдан амалда тайёрлов ўқ отиш машқларини бажарди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Шу йилнинг март ойида бошланиб, май ойида якунига етган машғулотларга Қорақалпоғистондан жами 10 942 нафар ва Хоразмдан 11 900 нафар, жами 22 842 нафар ўқувчи жалб этилиб, қуролдан амалда ўқ отиш машқини бажарди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасининг ташаббуси билан ҳудудлардаги ўрта махсус ва умумтаълим мактабларнинг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан Қорақалпоғистондан 634 нафар ҳамда Хоразмдан 452 нафар, жами 1 086 нафар ўқитувчининг ҳам ушбу машғулотларда иштироки таъминланди.

Полигонларда яратилган ўқув нуқталарида офицер ва сержантлар раҳбарлигида юқори синф ўқувчи ва ўқитувчиларнинг жанговар қуроллар билан муомала қилиши, улардан фойдаланиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши бўйича бир ой давомида машғулотлар ташкил этилди. Ўқув нуқталарида гранаталарни улоқтириш, автомат ўқдонини патрон билан ўқлаш, аниқ мўлжалга олишни ўрганиш, турли ҳолатлардан қуролни отишга тайёрлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби машқлар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан бажарилди.

Биринчи маротаба қуролдан амалий ўқ отиш машқларини бажарган ёшлар 100 метр узоқликда турган нишонга қарата 3 донадан ўқ узиб, мактабда ўтилган чақириққа қадар бошланғич тайёргарликдан олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

Машғулотлар доирасида ўрганувчиларга жанговар техника ва ўқотар қурол намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ҳақиқий қуроллар билан танишув, уларнинг жанговар имкониятлари ва техник тавсифи ҳақидаги маълумотлар, бўлажак юрт ҳимоячиларида катта таассуротлар қолдирган бўлса, ажаб эмас.

Машғулотлар якунида ўқувчи-ёшлар ҳамда ўқитувчилар дала-ўқув майдонларидаги ошхоналарда ёзилган дастурхонларда ҳарбийча тушлик тановул қилишди.

Айтиш жоизки, юртимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилишга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш, аввало мактаблардан бошланади.

Шу боис, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг ташаббуси билан 2020 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари учун Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмлар негизида бир кунлик ўқув услубий йиғинлар ташкил этилган эди. Йиғинларга 1 100 дан ортиқ чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари жалб этилиб, малакаси оширилди.

Шунингдек, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ҳудудларда олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда сифат жиҳатдан яхшилаш мақсадида “Ҳар бир номзодга – бир устоз” тамойили асосида жойларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ишончимиз комил, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар армиямиз сафларини ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол, дастлабки ҳарбий билимлардан бохабар, юртимизнинг бугуни ва келажаги учун дахлдорлик ҳисси устувор, юксак ватанпарварлик туйғусига эга бўлган ёшлар билан бутлашда муҳим аҳамият касб этади.