Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистондан мудофаа вазири кубоги учун баҳсларда иштирок этувчи жамоа аниқланди
16:40 / 2022-04-11

2021 йилдан умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгашининг қўшма қарори асосида ўтказиб келинаётган ушбу мусобақа ёшларда ҳарбийликка ҳавас уйғотиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар негизида ўтказилган мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 17 та шаҳар ва туманлардан энг сара жамоалар иштирок этди. Ўқувчилардаги ҳаяжон, ғалабага бўлган шижоат, ҳарбийча қатъият беллашувнинг ҳар бир шартида яққол кўзга ташланиб турди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Исмоил Қурбонов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирувга қадар ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчилари, ўқувчилар қатнашди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилги “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт баҳсларининг финал босқичи якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси шарафини ҳимоя қилган Кегейли тумани ёшлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, мудофаа вазири кубогини Қорақалпоғистонга олиб келган эди.

Мусобақа низомига кўра беллашувда ҳар жамоадан 7 нафар ўғил ва 3 нафар қиз бола иштирок этишига рухсат берилган.

Ҳарбий-спорт мусобақасининг биринчи шартида ёшлар пневматик милтиқдан назорат отиш машқи орқали мерганлик маҳоратини намойиш этди.

“Ҳарбий эстафета”, деб номланган иккинчи шартда иштирокчилар автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, газга қарши ниқобни кийиш ва юк автомобилининг ғилдирагини айлантириб югуриш шартини бажарди.

Мусобақанинг учинчи шартида (“Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”) икки нафар иштирокчи шартли жабрланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатди. Ушбу шартни холисона баҳолаш мақсадида тиббиёт ходимлари ҳам жалб этилади.

Бу йилдан мусобақа низомига киритилган ўзгартиш сабаб, беллашувларда қатнашаётган ёшлар дуатлон бўйича ҳам ўзаро куч синашди. Бу шартда ҳар бир жамоадан бир нафар ўғил ва қиз бола ўрта масофага югуриш ҳамда велосипедда маълум масофании босиб ўтиш шартини бажарди. Сафда қўшиқ айтиш, деб номланган кейинги шартда жамоалар сафда шахдам қадамлар билан юриб, ҳарбийча қўшиқларни ижро этди.

“Темур тузуклари” билимдони, деб номланган охирги шартда ўқувчилар 5 тадан саволга жавоб бериб, қўшимча баллга эга бўлди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов бугунги кунда мамлакатимиз ёшларига бўлаётган эътибор, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ютуқларни эътироф этиб, ҳарбий округ ҳудудида бундай тадбирларни ўтказиш учун барча шароит бундан кейин ҳам яратиб берилишини таъкидлади.

Ниҳоят ҳаяжонли дамлар етиб келди. Дастлаб мусобақа шартларида алоҳида кўрсаткичларга эришган ўқувчи-ёшлар ва жамоалар тақдирланди. Унга кўра “Энг кучли спортчи”, “Темур тузуклари билимдони”, “Моҳир мерган” каби бир қатор номинациялар бўйича ёшлар яккалик ва жамоавий тартибда мукофотланди.

Якуний натижаларга кўра, барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган Тахтакўпир туманидаги 2-мактабнинг “Бургутлар” жамоаси шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Қораўзак туманидан келган 23-мактабнинг “Қораўзак темурийлар мактаби” жамоасига озгина имконият етмади ва улар фахрли иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Нукус туманидаги 31-мактабнинг “Ақманғит” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва мудофаа вазири кубоги мусобақасининг якуний босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тақдирлаш маросимида Бирлашган Aраб Aмирликларида ўтказилган қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, "Токио – 2020" Олимпиада ўйинлари иштирокчиси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг ҳарбий спортчиси Зайнаб Дайибекова ҳамда мудофаа вазири кубоги учун ўтган йилда ўтказилган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси финалида ғалаба қозонган Кегейли туманининг “Лочин” жамоаси сардори Сабира Жулдасбаева иштирок этиб, ғолиб ва совриндор иштирокчиларни қутлади.
 

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

[gallery-6579]

ЎзА