Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар: Махсус комиссия барча ҳолатларни чуқур ўрганмоқда
11:31 / 2022-08-23

Қорақалпоғистонда жорий йил июль ойида юз берган тартибсизликлар ҳамда бошқа ҳолат ва воқеаларни ўрганиш, улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича тузилган Махсус комиссия ўз ишини давом эттирмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова раҳбарлик қилаётган комиссия ўтказаётган ўрганиш жараёнлари ҳақида жамоатчиликка маълум қилиб борилмоқда. 

Комиссия аъзолари шу пайтгача қатор давлат органлари ва идораларига, ижтимоий объектларга, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Кўп тармоқли тиббиёт маркази, ҳарбий ва ички ишлар госпиталлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, яъни Миллий гвардия, Нукус шаҳар ички ишлар бўлими, Нукус шаҳридаги Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, Нукус халқаро аэропортига ташриф буюрди. 

Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилган шахслар ва ўша кунги воқеалар натижасида жабрланганлар билан мулоқот қилди. Жабрланганларнинг ҳолати, уларга кўрсатилган тиббий ёрдам хусусида суҳбат ўтказиб, воқеаларга аниқликлар киритилди. Ушбу шахсларга нисбатан прокуратура ва ишчи ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган чоралар ўрганилди. 

Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳуқуқ фаоллари Азимбой Атаниязов ва Арсланбай Утепов ҳамда “Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” нодавлат нотижорат ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Гулсара Жоллибекова билан ҳам учрашди. 

Ўзаро мулоқот давомида Қорақалпоғистондаги намойишлар ва унинг келиб чиқиши сабаблари бўйича жамоатчилик фикрлари ўрганилди. 

Ҳуқуқ фаоллари конституциявий ислоҳотлар бошланганиданоқ call-марказ, телеграм-бот канал ва бошқа онлайн платформалар ишга туширилганини қайд этди. Бу воситаларнинг барчаси аҳолининг таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари учун амалга оширилган чоралардир. Умуман олганда, аҳолига ўзининг хоҳиш-иродасини билдириши учун имконият етарли бўлган.   

Муҳокамалар жараёнида фуқароларни ташқи кучлар томонидан бошқариш ҳамда молиялаштириш масаласи ҳам кўтарилди. 

Шунингдек, намойишчиларнинг ички кечинмалари ва аҳолини тинчлантириш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўрилган чоралар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилди. Бунда асосий эътибор инсон ҳуқуқларини бузиш ва шахс эркинликларига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқлашга қаратилди. 

Намойишга олдиндан тайёргарлик кўрилганми ёки бу фуқароларда тўсатдан норозилик кайфиятининг уйғониши натижасида юзага келган ҳолатми? Мазкур масала атрофида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. 

Комиссия аъзолари сўнгги йилларда Қорақалпоғистондаги ўзгаришлар бўйича ҳуқуқ фаолларининг фикрлари билан ҳам қизиқди. 

Учрашувда ҳуқуқ фаоллари ва нодавлат нотижорат ташкилоти вакилининг барча фикрлари диққат билан тингланди, керакли маълумотлар олинди. Ҳозирда қўлга киритилган маълумотлар тегишли тартибда ўрганилмоқда. 

Комиссия аъзолари штабга келган фуқаролар мурожаатларини ҳам қабул қилмоқда. Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда иштирок этганликда гумон қилиниб, олиб кетилган шахсларнинг оила-аъзоларидан кўплаб мурожаатлар тушган.  

Фуқаролар комиссия фаолиятидан @commissionuz телеграм канали орқали мунтазам хабардор бўлиб тургани ва хабарлар қорақалпоқ тилида ҳам бериб борилаётганидан мамнун эканини билдиришди. 

Комиссия аъзолари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят ишига жалб қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан ҳам учрашди. Бунда асосий эътибор уларга мижозлари билан кўришишга қаршиликлар бор ёки йўқлиги, шунингдек, адвокатнинг ҳимоясида бўлган шахснинг ҳозирги ҳолатига қаратилди. 

Адвокатлар мижозларининг жиноят ишига боғлиқ ҳолатлар, тергов жараёнларининг бориши ва бошқа ҳолатлар бўйича ахборотларини баён этди. 

Комиссия аъзоларининг прокуратура органлари масъул ходимлари билан бўлган учрашувда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган ҳолатлар ва воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларига оид маълумотлар олинди.  

Хусусан, тергов ҳаракатларининг қонунчиликка мувофиқ олиб борилаётгани, ушлаб турилган шахсларнинг аҳволи, адвокатлар билан таъминлангани ва тергов жараёнида ҳимоячининг доимий иштироки ва уларга яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва кенг жамоатчилик ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА