Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонда йўрға тувалоқлар табиатга қўйиб юборилди
07:16 / 2021-10-07

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани ҳудудига – ёввойи, табиатда йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қуш – 1031 бош йўрға тувалоқ қўйиб юборилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Falcon Hunting Solutions” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Уюшмаси Қизил китобига киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қушни сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилди. Ушбу қушлар Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган “International fund for houbara conservation” марказида кўпайтирилган.

Тувалоқлар Ўзбекистон «Қизил китоби»га 2009 йилда киритилган. Уларнинг сони ва яшаш майдони 1960 йиллардан бошлаб қисқара бошлаган.

Йўрға тувалоқларнинг 2та тури, яъни африка ва осиё йўрға тувалоқлари тури мавжуд бўлиб, Қорақалпоғистон ҳудудида яшайдиган тувалоқлар Осиё йўрға тувалоқлари деб номланади ва номига мос тарзда улар соатига 40 км тезлик билан йўрғалай олиши мумкин. Учгандан кўра кўпроқ югуришни афзал биладиган мазкур қуш Устюртда, Оролқумда ва Қизилқумда яшайди.

Йўрға тувалоқ ўртача ўлчамларга эга қуш бўлиб, ёзилган қанотларининг узунлиги 1,5 метрни ташкил қилади. Танасининг юқори қисмидаги патлар ола-чипор, сарғиш-кул (қум) ранг, пастки қисмидаги патлар эса – оқиш тусга эга. Нар ва мода қушларнинг узун қора патлари бўйиннинг ён томонларида, оқ патлари – бўйин пастки қисмининг олд томонида жойлашган.

Йўрға тувалоқ Марказий Осиёда кўпаядиган кўчиб яшайдиган қуш ҳисобланади. Ушбу тур баҳорда Ўзбекистонга учиб келиб, март-июнь ойлари оралиғида Марказий Осиёда кўпаяди. Октябрь ойида йўрға тувалоқ нисбатан иссиқ бўлган ҳудудларга – Афғонистон, Эрон, Покистон ва Арабистон ярим оролига – қишлаш учун учиб кетади.

Йўрға тувалоқ аксарият вақтини ерда озуқа излаш билан ўтказади.

У қуруқ муҳитга мослашган, бутали ва очиқ майдонларга эга чўл ҳамда яримчўл ҳудудларда яшашни афзал кўради. Ушбу қуш ҳар нарсани еяверадиган турга мансуб бўлиб, ўсимликлар ва уларнинг уруғлари, майда калтакесак, ҳашоротлар ва бошқа умуртқасизлар билан озиқланади.

Кўпайиш мавсумида нар йўрға тувалоқ ўзига тегишли ва ҳар йил фойдаланадиган ҳудудда ниҳоятда гўзал никоҳ рақсини ижро этади, мақсад – мураккаб рақс орқали қўшнилари билан рақобат қилиш ва мода қушларни жалб қилиш.

Мода қушларнинг аксарияти икки ёки уч ёшида жинсий балоғатга етади. Улар нар қушлар рақсга тушаётган ҳудудларга фақат жуфтлашиш учун боради, жуфтлашишдан кейин бошқа ҳудудларга кетиб, тухумни ўша ерда қўяди.

Мода йўрға тувалоқ тухум қўйиш ва босишни нар қушлар ёрдамисиз амалга оширади. Ўзбекистонда мода йўрға тувалоқлар одатда иккитадан тўрттагача тухум қўйиб, 21-22 кун давомида босиб ўтиради.

Йўрға тувалоқ жуда эҳтиёткор қуш, кўпинча ерга яқин ниҳоятда яхши учади. У хавф пайдо бўлган пайтда дарҳол учмасдан, ер бағирлаб, чўпларнинг ва буталарнинг ораси билан илдам йўрғалаб, анча ерга боргандан сўнг ер бағирлаб яшириниб ётади. У югурган пайтда худди майда йиртқич ҳайвонга ўхшайди.

Қорақалпоғистонда араб шайхлари тувалоқ ови ташкил қилиб туради. Норматив ҳужжатларга кўра, хорижий фуқароларга ушбу қушнинг 1 донасини тутиш учун 6000 АҚШ долларини давлат хазинасига тўлаши белгиланган. Улар рухсатнома асосида мамлакатимиз Қизил китобига киритилган қушлар билан ҳайвонларни ов қилади.

Шайхлар ўзларининг оила аъзолари, ошпазлари, овчилари, хизматчилари жами юз-юз эллик нафар киши билан чодир қуриб, ов мавсуми ўтказиб туради. Араблар асосан, овчи қуш – лочин ёрдамида тувалоқ овлашни анъана қилиб олган.

Араблар ўзларининг яшаш жойларида табиий шароитда тувалоқларни ўстириш имкони бўлмаганлиги боис бошқа давлатларга, жумладан Ўзбекистонга ҳам овга келади. Лочин ови арабларнинг Қироллик ови саналади, ҳар йили араб давлатларида йирик мусобақалар ҳам ўтказилади.

Лочин қуши билан айнан тувалоқни ов қилишдан яна бир мақсад ушбу ноёб қушнин гўшти ва суяги инсон саломатлигини тетиклаштирадиган, қувватини оширадиган хусусиятга эга, деб ҳисоблайди.

Халқаро тувалоқларни ҳимоя қилиш фонди Абу Даби ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган нотижорат ташкилотдир. Бу дунёдаги энг йирик қуш турларини сақлаш бўйича лойиҳалардан бири бўлиб, табиий яшаш жойларида уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида тувалоқ питомникларининг халқаро тармоғини бошқаради.

Тувалоқлар асосан, тутқунликда, яъни питомникларда кўпайтирилади.

Табиатга қўйиб юбориладиган қушлар учун одамлар билан ўзаро алоқа чекланган бўлади, чунки ёввойи табиатда бу қушлар қўрқоқ ва одамлардан узоқроқ бўлишади. Шундай қилиб, жўжаларнинг дастлабки уч ҳафтаси питомник мутахассислари томонидан озиқлантирилади, сўнгра улар махсус корпусларга ўтказилади, у эрда улар аста-секин мустақилликка ўрганади ва эркинликка чиққандан кейин дуч келадиган қийин атроф-муҳит шароитларига мослашиш учун куч ва кўникмаларга эга бўлади. Ушбу ёндашув табиатда омон қолиш имкониятини оширади.

Ҳозирда шундай питомник Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида фаолият юритмоқда.

Тувалоқлар чўлга қўйиб юборилишидан олдин уларнинг қўйиб юборишга тайёрлиги баҳоланади, у яшайдиган жойлар мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилади, атроф-муҳитнинг об-ҳавога мос келиши ва табиий ўт-ем базаси тадқиқ қилинади. Бундай жойларда ўсимлик қоплами, умуртқали ва умуртқасиз ҳайвонларнинг сони ўрганилади, харитада табиий яшаш жойлари чизилади ва иқлим турли минтақаларда жойлашган об-ҳаво станциялари орқали ўрганилади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигининг, хусусан, яйловларнинг тувалоқлар яшаши белгиланган майдонларга таъсири баҳоланади.

Бўшатиш учун мос ҳудуд танланганида, тувалоқ у ерга олиб борилади ва қўйиб юборилади. Чиқарилгандан сўнг ҳам қушлар табиий муҳитда кузатилади ҳамда сунъий йўлдош орқали ҳам кузатиб борилади.

Есимхон Қаноатов, ЎзА