Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасы томонидан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида “Ватанпарварлик – олий мақсадим!” шиори остида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Мусобақада Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё, Қўнғирот, Хўжайли, Қораўзак, Чимбой, Кегейли туманлари ва Нукус шаҳридан жами 100 нафар 17-22 ёш оралиғидаги ёшлар 10 та жамоа таркибида иштирок этди. Низом шартларига кўра, жамоалар “Ҳарбий ватанпарварлик блоки", “Ҳарбий-амалий кўпкураш блоки” ва “Спорт блоки” асосида мусобақаларда куч синашди.
“Ҳарбий-ватанпарварлик блоки”да жамоа аъзолари “Ўзбекистон тарихи билимдони” викторинасида билимларини намоён этишди. Шунингдек, “Биз бир жамоамиз!” шартида жамоаларнинг фотоальбомлари ва вимпеллари, “Саф қўшиғи” танлови ўтказилди.
[gallery-17678]
“Ҳарбий-амалий кўпкураш блоки”да жамоалар пневматик қуролдан ўқ отиш, ўқув гранатасини узоқликка улоқтириш ва ҳарбийлаштирилган эстафета бўйича беллашдилар. Ҳарбийлаштирилган эстафета доирасида ёшлар “АК-74” автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда газга қарши ниқобни кийиб, белгиланган масофага югуриш шартларини бажарди. “Спорт блоки”да жамоалар дуатлон, 100 метрга югуриш, турникда тортилиш бўйича ўзаро мусобақалашди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа шартларига кўра, фахрли биринчи ўрин Кегейли туманининг “Лочин” жамоасига насиб этди ва жамоа финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, ўтган йилги беллашувларда ҳам Кегейли туман ёшларига тенг келадиган жамоа топилмаган эди. Фахрли иккинчи ўринга Қўнғирот туманининг “Маҳалла” жамоаси, учинчи ўринга эса Қораўзак туманининг “Темурийлар” жамоаси муносиб топилди.
Шунингдек, мусобақа шартига кўра “Энг моҳир мерган” номинациясида Беруний тумани жамоаси аъзоси Дилшод Бекимбетов, “Энг яхши спортчи” номинициясида Кегейли туманидан Ақмарал Каримбаева тақдирланди. “Энг яхши билимдон” номинациясида ҳам Кегейли тумани жамоаси вакили Маншук Жўлдасбаева тенгсиз эканини исботлади.
Ғолиб ва совриндорлар “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан кубок, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақанинг финал босқичи шу йилнинг июнь ойида ўтказилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари