Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонда қиличбозлик бўйича маҳорат дарслари ўтказилди
09:56 / 2021-03-26

Панамерика қиличбозлик конфедерациясининг техник директори, қиличбозликнинг шпага тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи, венесуэлалик Хосе Бенавидес бир ҳафта давомида Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, маҳаллий мураббийлар ва ёш спортчилар учун маҳорат дарсларини ўтди.

Қорақалпоғистонда ушбу спорт тури 2018 йилдан буён ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда 60 нафардан зиёд ўғил-қиз мураббий Бекмурат Жақсимуратов раҳбарлигида шуғулланмоқда.

Спортчилар Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида доимий равишда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида 2004 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдагилар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида қорақалпоғистонликлар ўcмирлар ўртасида жамоавий баҳсларда биринчи, қизлар иккинчи, шахсий ҳисобда Дилноз Мурзатаева иккинчи, Азамат Қудайбергенов учинчи ўринларни эгаллади.

[gallery-1749]

Шунингдек, 2008-2009, 2010-2011 йилларда туғилган спортчилар ўртасида ҳам жамоавий баҳсларда яхши натижага эришди. Ушбу мусобақада қизлар иккинчи, ўсмирлар учинчи ўринларни қўлга киритди. Шахсий ҳисобда Тумарис Солиева, Қаллибек Қурбонбоев биринчи, Дилобар Асетова, Иқлас Пирлешбоев ҳамда Казбек Утеназаров учинчи ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Бугунги кунда қорақалпоғистонлик спортчилардан Дилноз Мурзатаева,  Бийбимарям Сапарова, Азамат Қудайбергенов ва Аллаяр Салиев  Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳисобланади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ёш спортчилар ва уларнинг мураббийлари хорижий мутахассисдан қиличбозликнинг шпага туридан психологик тайёргарлик, юқори тезликда ҳаракатланиш, алдамчи, чақирувчи ва тезкор ҳужумлар, уларни тўсиб, қарши ҳужумга ўтишни тезкор комбинациялаштириш сирларини ўрганди. Шунингдек, мусобақага тайёрланиш жараёнида миллий ғурур, масъулият туйғуларини тарбиялашга эътибор қаратилди.  

Мураббийлар учун ташкил этилган семинарда спортчилар билан ишлаш ва машғулотлар жараёнида физиологик хусусиятларига эътибор бериш, уларнинг антропометрик кўрсаткичларига мослашиб физиологик юклама тақсимлаш, мотивацион тренинглар ўтказиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, спортчиларни руҳлантириш, турли хил қизиқарли ўйинлар билан чалғитиб туриш ва тикланиш тадбирларини ўз вақтида амалга оширишнинг аҳамияти каби муҳим жиҳатлар батафсил ёритиб берилди.

– Мақсадимиз мамлакат терма жамоаси аъзоларини Олимпиада ўйинларига, жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинларига тайёрлаш ҳисобланади, – дейди Хосе Бенавидес. – Спортнинг ушбу туридан Қорақалпоғистон Республикасида маҳоратли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Амалий машғулотлар давомида бунинг гувоҳи бўлдик. Келажакда улардан яхши спортчилар етишиб чиқади, деган умиддамиз.

Хорижий мутахассис томонидан ўтказилган маҳорат дарслари мураббий ва спортчиларда яхши таасcурот қолдирди.

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  ЎзА