French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонда ўтган йили 17,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми 108,6 миллион долларни ташкил этди
10:41 / 2023-01-06

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги ҳамда тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг экспорт, инвестициявий ва саноат салоҳиятини юксалтиришга қаратилган навбатдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлаб юборди.

Улар Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай ва Хўжайли туманларидаги бир қатор йирик саноат корхоналарига ташриф буюриб, Лойиҳа ташаббускорлари билан учрашувлар ўтказди. Тадбиркорларни қийнаб келаётган масалалар ва ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўрганиш жараёнида устувор тармоқларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича имкониятларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу эса турли ҳудудларда олиб борилган саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш салоҳиятга эга бўлган қатор корхоналарни аниқлаш имконини берди. Шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун аниқ манзиллар белгилаб олинди. Бу, ўз навбатида, 2023 йилнинг охирига бориб Қорақалпоғистон Республикасида саноат ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча 1 триллион сўмга ошириш имконини беради.

Шу куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва экспортни рағбатлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишнинг янгича ёндашувлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда саноат ўсиши, экспорт кўрсаткичлари ва инвестиция фаолияти нуқтаи назаридан 2022 йил якунлари сарҳисоб қилинди. Жумладан, Қорақалпоғистонда ўтган йили 17,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми 108,6 миллион долларни ташкил этди. Ҳудудга 40,4 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастури доирасида 959 та лойиҳага 177 миллион долларлик инвестициялар жалб этилгани, бунинг натижасида 16 минг 200 янги иш ўрни яратилган.

2023 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 20,5 триллион сўмга, экспорт ҳажмини 122,8 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, 16 минг 618 янги иш ўрни яратиш билан умумий қиймати 582,9 миллион долларлик 934 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Мулоқот давомида айни пайтда чуқур таҳлил қилиш ва самарали режалаштириш асосида саноат, инвестициялар ва экспорт соҳалари бўйича бу кўрсаткичларни ошириш ишлари олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш учун ҳудудларга бириктирилган масъул раҳбарларга ишчи гуруҳларини шакллантириш, жойларга чиқиш, қўшимча захираларни аниқлаш ва сафарбар этиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, саноатни кескин ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бўлажак инвестор ва тадбиркорлар билан мулоқотни фаоллаштириш, кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ўрта корхоналарга, ўрта корхоналарни йирик корхоналарга трансформациялаш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунлари бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, шунингдек, янги қувватларни ишга тушириш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар кесимида аниқ тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш топширилди.

Ишчи гуруҳларнинг ҳудудлардаги фаолияти давом этмоқда.

 

ЎзА