Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қорақалпоғистон Республикасида кунжут ва мош экинларини етиштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасининг
ҳар бир туманида камида 50 гектар майдонда “бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида кунжут ва мош экинларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади.
Лойиҳалар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун янги имкониятларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 27 январдаги ПФ-10-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 15декабрдаги ПҚ-52-сон қарорининг 1-банди “а” кичик бандида назарда тутилган имтиёзли кредитлар суғурта таъминоти билан гаровсиз ажратилади.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан эълон қилинадиган кунжут ва мош экинининг тавсиявий сотиш нархлари имтиёзли кредитларни ажратишда ҳосил қиймати сифатида қабул қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда амунавий лойиҳаларни амалга оширадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ҳамда экин майдонларининг контурлари рўйхатини тасдилайди. Шунингдек, “CropAgro” ахборот тизимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг таклифлари қабул қилинишини ҳамда кунжут ва мош экинларининг электрон жойлаштирилишини таъминлайди. Имтиёзли кредитлар ҳисобидан кунжут ва мош экинларини етиштириш истагини билдирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг ариза ва кредит буюртманомаларини электрон шаклда хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига тақдим этиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб- қувватлаш жамғармаси:
“Агроплатформа” ахборот тизими орқали тижорат банкларидан кредит ресурсларини ажратиш бўйича электрон буюртмалар қабул қилинишини ҳамда ушбу буюртмаларга асосан тижорат банкларига кредит ресурслари жойлаштирилишини;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар тақдим этган электрон буюртмаларга асосан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиб борилишини таъминлаб, кредит қарздорликларини муддатидан ўтиб бартараф этган ва салбий кредит тарихига эга бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга, истисно тариқасида, имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашади.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликда кунжут ва мош экинлари селекциясини йўлга қўйган ҳолда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос, ҳосилдор янги навларни яратиш бўйича илмий изланишлар жадаллаштирилади.
ЎзА