French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонда картошка етиштириш мумкинми?
08:36 / 2020-12-11

Дунё деҳқончилигида картошка экин майдони бўйича буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейин тўртинчи ўриндаги озиқ-овқат экини ҳисобланади.

Картошка нисбатан жуда қисқа муддатда дунё аҳолисининг севимли “иккинчи нон” ига айланди. Тарихий маълумотларга назар ташласак, картошканинг ватани Жанубий Америка ҳисобланиб, 2500 йил олдин маданийлаштирилганлиги қайд этилган.

Европага, аниқроғи Испанияга XVI асрнинг иккинчи яримида инглиз денгизчиси томонидан келтирилиб, тез орада испанларнинг асосий озиқасига айланган. Ўзбекистонда эса картошка XIX аср ўрталаридан кенг тарқалган бўлиб, асосан очарчилик ҳамда уруш йилларида оммалашган.

Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда республикада картошкага эътибор кучайтирилди ва 95-100 минг гектар майдонга экилиб, ялпи ҳосил ҳажми 2,9-3,0 миллион тоннани ташкил этмоқда. Ушбу ялпи ҳосилнинг 60-70 фоизи такрорий экин сифатида етиштирилмоқда. Лекин, бугунги кунда картошкага бўлган талаб ички имкониятлар ҳисобига тўлиқ қондирилмоқда дейишимизга ҳали эрта. Шу сабабли мамлакатимиз бўйича картошка етиштириш мумкин бўлган барча имкониятларни илмий асосланган ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқишимиз, чуқур таҳлил қилишимиз ҳамда хорижий ва илғорлар тажрибаларидан унумли фойдаланишимиз зарур. Бу борада:

биринчидан, давлат томонидан белгиланган картошкачилик ҳудудларидан ўта унумли фойдаланишнинг чора-тадбирлари аниқ белгиланиши талаб этилади.

иккинчидан, ҳар бир ҳудудни аниқ картошка етиштириладиган нуқталарини ҳамда уларнинг ер майдони, суғориш таъминоти, ишчи кучи, техника таъминоти ва бошқа омилларни инобатга олиш ҳамда хариталаштириш зарур.

учинчидан, шу ҳудудга мос бўлган маҳаллий ва хориж навларини танлаш ҳамда уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш;

тўртинчидан, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ва мутахассис, деҳқонлар малакасини ошириш.

бешинчидан, уруғлик ва товар картошка маҳсулотларини замонавий совуткичларда сақлаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш талаб этилади. Чунки у тез бузиладиган маҳсулотлар турига киради.

Шунингдек, ички имкониятларни чуқур ўрганиб чиқилиши натижасида, ҳар бир вилоят ва туманни картошка билан ўзини-ўзи таъминлаш сиёсатини олиб борилиши, ҳудудларнинг ҳақиқий даражада картошка етиштира олиш имкониятларини аниқ баҳолаш самарали натижа беради деб ҳисоблаймиз.

Қорақалпоғистон Республикасини мисол тариқасида таҳлил қилиб кўрсак. Аҳолининг йиллик картошка маҳсулоти истеъмоли 27 минг тонна атрофида бўлиб, деярлик 70 фоизи қўшни вилоятлардан ҳамда хориждан келтирилади.

Қорақалпоғистонда картошка етиштириш ҳажмини ошириш, жуда бўлмаганда ички имкониятлар ҳисобига таъминотни 40-50 фоизга олиб чиқиш мумкинми? деган саволга илмий-амалий жавоб топишга ҳаракат қилдик. Маълумки, эртаги асосий ва такрорий экин сифатида картошка асосан жанубий ҳудуд Тўрткўл туманида ҳамда қисман Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларида етиштириб келинади. Бунда албатта энг тезпишар навлар ҳамда шу ҳудудга мос бўлган интенсив технология қўлланилиб самарадорликка эришилади. Чунки тарихдан маълумки, ҳаёт мажбур қилмаса янгиликларни яратиш ҳамда жорий этиш масаласи орқага сурилаверади. “Еримиз ёмон ёки бўлмайди” деб ўтирганимиз билан, ерда ҳаттоки ўт ҳам ўсиб чиқмайди.

Шуниси қизиқки, бир ҳудуд ёки бир қишлоқнинг маълум қисмида картошка ва бошқа сабзавотлар етиштирилади, қолганида эса етиштирилмайди. Бу борада узоқ йиллик илмий кузатувлар олиб борганимизда бунинг асосан тўрт сабаби борлиги аниқланди.

Биринчиси, тупроқ шароити бўлиб, жуда шўрланган ёки тупроқнинг механик таркиби жуда енгил, қумоқ.

Иккинчиси, ҳудудни чучук суғориш сувлари билан таъминоти етарлик эмас.

Учинчиси, аҳолининг асосий қисми чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, деҳқончиликка қизиқиш жуда суст, ҳаттоки органик ўғитлар билан яхши таъминланган ерлар ҳам асосан самарасиз ёки яйлов сифатида фойдаланилмоқда.

Тўртинчиси, аҳолининг юзлаб йиллар давомида бизнинг ерларимиз шимолий ҳудуд, ота-боболаримиз ҳам картошка экмаган ёки, картошка умуман бўлмайди деган ишончсизлик руҳий ҳолати, яъни бу фикрни онгга ўрнашиб қолганлигидир. Улардан шу ерда картошка экиб кўрганмисиз деган саволга асосан “йўқ” деган жавоб олинади.

Минг афсуски бу узоқ йиллар давомида иқлим, ҳаёт тарзи бўлган сиёсий тузум, илм-фан, техника ҳамда одамларнинг онги ва салоҳияти ўзгарганлиги инобатга олинмаяпти. Агарда “бўлмайди” деб ҳаракат қилинмаса ҳаётда ҳеч қандай ривожланиш, прогресс бўлмаслигини тушинтиришга ҳожат бўлмаса керак. Республика мустақиллигининг дастлабки йиллари ғалла муаоммаси энг оғир вазифаларидан бирига айланди. У даврда мамлакатда деярлик ғалла етиштирилмай, асосан пахта хомашёси етиштирилар эди. Лекин, ўша ўта қийинчилик даврида 10-15 йиллардан кейин Ўзбекистон дон мустақиллигига эришади ва ғаллани экспорт қилади дейилиши кўпчиликка эриш туюлиб, албатта ишонмас эди. Бироқ, давлатимиз раҳбарияти ва халқимиз барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, шу эзгу мақсадга эришдик-ку!

Ана шу бўлмайди деб нақл қилинган ҳудуд Қорақалпоғистоннинг шимолий, шароити оғир бўлган ҳудудида олиб борилган картошка етиштириш бўйича илмий-амалий тажриба натижаларини келтирмоқдамиз. Тажриба Қонликўл тумани, Қонликўл тумани овули ҳудудида “Қонликўл картошка фермер хўжалиги” нинг 5 гектар ер майдонида олиб борилди. Туман, фермер ҳўжалигининг мутахассис ва деҳқонларининг хулосасига кўра, картошка етиштириш бўлмайди эмас, балки бўлар экан. Ана сизга факт ва исбот.

Кўпчилик маҳаллий аҳоли ҳамда айрим мутахассисларнинг фикрича, Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида картошкани умуман етиштириш мумкин эмас деб ҳисоблаб келганлар. Лекин халқимиз бекорга “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади” деб бежиз айтмайди. Тажриба натижаларини кўрсатишича, хорижий “Гала” нави экиб ўрганилганда ҳар бир гектар ҳисобига 24-27 тоннагача, аввалги йили Ғилон маҳаллийси нави экилганда эса 18-20 тонна картошка ҳосили олишга эришилди

Картошканинг “Гала” навини шимолий ҳудудда етиштиришнинг иқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратсак.

Бир гектар майдонга кетган жами харажатлар ўртача 30,5 миллион сўмни, ҳосилдорлик ўртача 25 тоннани, бир килограмм товар картошкани улгуржи сотиш баҳоси 2400 сўмни, соф фойда 60,0-62,5 миллион сўмни, рентабеллик даражаси эса 200 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 2-3 тонна атрофида чорвачилик озуқаси сифатида ностандарт картошка маҳсулоти олинди.

Демак, Қорақалпоғистоннинг ҳаттоки шимолий ҳудудларида ҳам картошка етиштириб, яхши даромад олиш мумкинлиги қайд этилди. Шунинг учун ушбу минтақада бу борадаги илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бу эса Қорақалпоғистон Республикасининг картошка маҳсулотига бўлган талабни ички имкониятлар ҳисобига 40-50 фоизгача етказилишига беминнат хизмат қилиши мумкин.

Н.Худайбергенов., О.Ризаев