Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонда ҳам референдумни ўтказувчи участкалар тузилди
09:58 / 2023-03-30

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистондаги Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи участка комиссияларининг таркибини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонуни 16-моддасида референдум участкаларини тузиш тартиби ва нормаси белгиланган. Унга кўра, референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади. Референдум участкалари ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам тузилиб, бу участкалар ўзлари жойлашган ердаги референдум округларига киради.

Референдум участкалари шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилади.

Йиғилишда Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тақдимномасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи участкаларни тузиш масаласи ҳамда иш режага мувофиқ, амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинди. Муҳокамалардан сўнг, Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи 653 та участка тузилди ва бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси референдумининг участка комиссиялари таркиби, жойлашган манзили ва телефон рақамлари кўрсатилган маълумотларни маҳаллий матбуотда эълон қилиш, шунингдек, тегишли қарорни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш бўйича кўрсатмалар берилди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири