Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган давлат мулки объектларини электрон танлов асосида энг яхши таклиф билдирган талабгорга инвестиция киритиш мажбуриятлари билан сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Низомда оммавий савдоларга чиқарилган давлат мулки объектлари уч ой муддатда сотилмаган тақдирда, уларни “E-auksion” электрон савдо платформасида танлов асосида энг яхши таклифни билдирган талабгорга инвестиция киритиш мажбуриятлари билан сотиш тартиби;
танловда сотиладиган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари миқдорини аниқлаш тартиби;
танлов натижаларини расмийлаштириш ва давлат мулки объектини сотиш бўйича олди-сотди шартномасини тузиш тартиби белгилаб берилган.
Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида оммавий савдоларда уч ой давомида сотилмаган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция киритиш мажбуриятларини белгилаган ҳолда, “E-auksion” электрон савдо платформасида танловга чиқаради.
Давлат мулки объектлари савдога чиқарилган кундан бошлаб икки ой давомида сотилмаган тақдирда, ҳудудий танлов комиссияси томонидан уларга инвестиция киритиш мажбуриятлари белгиланади.
Оммавий савдоларда уч ой муддатда сотилмаган давлат мулки объектларининг танлов шартлари белгилангунига қадар уларнинг савдолари давом эттирилади.
ЎзА