Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида Жўқорғи Кенгес раисини сайлаш масаласи кўриб чиқилди ва янги раис сайланди.
Сессияда давлатимиз раҳбари иштирок этди ва Президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта Қорақалпоғистонга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан мулоқот қилганини таъкидлади.
Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошди. 2017-2021 йилларда 26 минг 400 та турар-жой барпо этилди.
Президентимиз ҳар сафар келганида Қорақалпоғистонга ва қорақалпоқ халқига яхши янгиликлар, алоҳида эътибор ва меҳрини кўрсатади. Бу сафар ҳам шундай бўлди ва давлатимиз раҳбари ҳудудни ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини билдирди, бир қатор имтиёзлар берилишини эълон қилди.
Хусусан, пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, ҳар бир оилага 2 гектардан ер ажратиш, 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон учун пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга темир йўл ва авиачипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёзни тиклаш, фақат Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этиш ва бошқа кўплаб имтиёзлар жорий этилишини маълум қилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қайси соҳа тилга олинмасин, албатта кенг таҳлил этилиб, муаммоларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилиши билан диққатга сазовордир.
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қаратаётган эътибори биз депутатларга ўзига хос масъулият бўлди, десам янглишмаган бўламан. Фахр билан айта оламанки, давлатимиз раҳбарининг ташрифи халқимизни бахт-саодатнинг ойдин йўлига чорлаб, буюк келажакка бўлган юксак ишончини янада мустаҳкамлади. Биз ҳар биримиз Ватанимизни Президентимиздай ардоқлаб севиб, дўстлик ва биродарликни, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз керак.
Тажибай Романов,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари.
ЎзА