Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида
15:14 / 2020-12-07

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Қорақалпоғистон Республикасида ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўриб келинмоқда. Натижада, кейинги уч йил ичида 47 минг гектардан ортиқ ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 11,2 минг гектарга камайди, 140 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.

Шу билан биргаликда, Қорақалпоғистон Республикасида 44,9 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада, 95,2 минг гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги эса пастлигича қолмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурслари ва электр энергиясидан фойдаланишнинг автоматлашган назоратини йўлга қўйиш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш орқали сув йўқотишларини камайтириб, каналларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш ҳамда суғориладиган ер майдонларини сув билан ишончли таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллийбюджет маблағлари ҳисобидан ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувни ҳисобга олиш ва мониторинг юритишда рақамли технологияларни жорий қилиш прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларида электр энергиясидан фойдаланишни рақамли технологиялар ёрдамида “oнлайн” режимида назорат қилишни жорий этиш прогноз кўрсаткичлари 6-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси насос станциялари ва ирригация тизимлари каналларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш прогноз кўрсаткичлари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р.Сариев ва Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ҳокимларига мазкур қарорда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.

2. Мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган лойиҳалар, шунингдек, 2-иловасида белгиланган прогноз кўрсаткичлар доирасида бажариладиган лойиҳалар:

ҳар бир лойиҳанинг натижадорлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, лойиҳаларда белгиланган қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича тайёрланган тегишли лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилади;

ҳар бир лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва туманлар ҳокимликлари, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида ҳамда мустақил экспертларни жалб этган ҳолда муҳокама қилинади ҳамда уларнинг ижобий хулосаси асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Ж.Ортиқов), Молия вазирлиги (О.З.Насритдинходжаев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев):

мазкур қарорнинг 1-иловасида амалга оширилиши белгиланган ирригация ва мелиорация лойиҳаларининг асосий кўрсаткичларини аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда 2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш жараёнида уларни инобатга олсин;

мазкур қарорнинг 4–6-иловалари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар учун 2021–2023 йил Давлат бюджети параметрларидамаблағлар кўзда тутилишини таъминласин.

4. Ҳисоб палатаси (Б.Т.Турабов) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) билан биргаликда мазкур қарорнинг 1-иловасида назарда тутилган лойиҳалар доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош Вазири А.Н.Ариповга ахборот киритиб борсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р. Сариев) ва туманлар ҳокимликлари:

мазкур қарорнинг 2-иловасида белгиланган прогноз кўрсаткичларнинг бажарилиши учун талаб этиладиган маблағларни маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратиб борсин;

мазкур қарорнинг 3-иловасида белгиланган прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишида сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларига кўмаклашсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) ва туманлар ҳокимликлари:

мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган манзилли рўйхатлар, шунингдек, 2-иловасига мувофиқ тасдиқланган прогноз кўрсаткичлар доирасида объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, бош пудрат ташкилотларининг тендер (танлов) савдолари асосида аниқланиши ҳамда қурилиш ишларининг амалга оширилишини ташкил қилсин ва назоратга олсин;

объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, тендер (танлов)ларни ўтказиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ҳисобига объектларнинг қийматини мақбуллаштириш чораларини кўрсин;

лойиҳаларни амалга ошириш доирасида зарур асбоб-ускуна, хомашё, бутловчи буюмлар ҳамда сифатли қурилиш материалларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинишини таъминласин (мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун);

энергия тежамкор технологияларни қўллаш ҳамда объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига маҳаллий пудрат ташкилотларини кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Б.И.Закиров) мазкур қарорга асосан ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишлари бажарилишида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат қурилиш назоратини амалга оширсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Ғ.А.Холжигитов) Сув хўжалиги вазирлиги (В.М.Ахмаджонов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги (М.С.Содиқов) ва Сув хўжалиги вазирлиги (Ж.У.Узақов) билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар мазкур қарорнинг 7-иловасига мувофиқ хусусий секторга ўтказиладиган сув хўжалиги объектларининг аниқ рўйхатини тузсин ҳамда давлат-хусусий шериклик шартларини аниқлаб, шартнома намунасини ишлаб чиқсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниевга, зарур ҳолларда, тасдиқланган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ва тиклаш ишлари лойиҳаларининг манзилли рўйхатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) мазкур қарорда назарда тутилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича устувор лойиҳаларни танлаш ва амалга оширишда:

устувор лойиҳалар бўйича таклифлар сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, геология, ер тузиш ва лойиҳа ташкилотлари мутахассислари ҳамда мустақил экспертлар, шунингдек, манфаатдор фермер ва кластерлар иштирокида жойига чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг сув таъминоти, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва бошқа ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳамда мавжуд муаммоларни таҳлил қилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда шакллантирилишини;

устувор лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари томонидан муҳокама қилиниб, маъқуллангандан сўнг белгиланган тартибда амалга оширилишини;

ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан назорат қилиб борилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4801-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини илмий-техник жиҳатдан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи (Ў.П.Умурзаков)га:

мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган манзилли рўйхатда назарда тутилган лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган ишларни илмий-техник жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш;

ҳар бир лойиҳанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ресурс тежамкор ва ахборот технологиялари қўлланилиши бўйича хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқларини, сувни тежовчи технологиялар ва илғор тажрибаларни, сув хўжалиги ва сувдан фойдаланиш тизимини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилиш бўйича илмий ва услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

илмий-техника ютуқларини чоп этиш ҳамда оммавий-ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, семинарлар, республика ва халқаро миқёсдаги анжуманлар ташкил қилиш вазифаси юклатилсин.

Ушбу вазифаларни бажаришда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият кўрсатаётган тегишли олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари жалб қилиниши мумкин.

12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) икки ой муддатда Инновацион ривожланиш вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси табиий-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда қулай мелиоратив режимни таъминловчи сув ва ресурс тежамкор технологияларни жорий қилишга оид илмий лойиҳалар танловини эълон қилиш учун таклифларни киритсин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р. Сариев) уч кун муддатда мазкур қарорни самарали ижро этишга доир масалаларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашларида муҳокама қилишга киритилишини таъминласин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар ярим йил якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

                                      Ўзбекистон Республикаси

                                               Президенти                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 5 декабрь