Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2 триллион сўм кредит ажратилади
11:50 / 2023-08-09

Маълумки, мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Эртамиз эгаларига сифатли таълим бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, ўтган йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит берилиб, 150 мингта лойиҳа ишга туширилган. 325 мингта иш ўрни яратилган. 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг ёшлар бандлиги таъминланган. 32 мингдан зиёд ёшларга субсидия орқали асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер олиб берилган.  

Таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили 130 минг талабага 1 триллион 700 миллиард сўм таълим кредити берилди. Хотин-қизларнинг магистратурада ўқиши бепул бўлди. 53 минг нафар эҳтиёжманд талабага контракт пуллари, 15 мингдан зиёд ёшларга ҳарбий хизмат ва 13 минг нафарига чет тиллари бўйича имтиҳон харажатлари тўлаб берилди.  

Ҳар қандай соҳа ривожи моддий маблағ, замонавий технология, илғор ишлаб чиқариш тизими, халқаро алоқалар каби муҳим омилларга боғлиқ бўлса-да, билимли, малакали, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган мутахассислар бунда асосий ўрин эгаллайди. Шу боис, тараққий этган мамлакатлар таълим тизимида ана шундай иқтидорларни тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.  

Эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда мамлакатимизда йигит- қизлар хорижда таҳсил олишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Президентимизнинг шу йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ёшларни чет элда таҳсил олиши учун 10 йиллик муддатга имтиёзли кредит белгиланган.  

Ушбу фармонга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва АТ “Алоқабанк”га 100 миллион АҚШ доллари ажратади.  

Тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада 5 фоиз, миллий валютада 12 фоиз бўлган йиллик ставкаларда 10 йил муддатгача 5 йиллик имтиёзли давр билан кредит ажратилади. Лойиҳалар тижорат банклари таъсисчилигидаги инвестиция компаниялари томонидан амалга оширилиб, кейинчалик улар “тайёр лойиҳа” сифатида тадбиркорларга сотилади.  

Марказий банк 2024 йилдан бошлаб ҳар йили тижорат банкларига Қорақалпоғистон Республикаси учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида камида 2 триллион сўм кредит маблағлари ажратади.  

Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш, билим ва салоҳиятини ошириш мақсадида уларнинг хорижий давлатларда таҳсил олишлари учун 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга МБнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда кредит маблағлари ажратиш тизими йўлга қўйилади.  

Бугунги кунда туб ўзгаришларни бошдан кечираётган юртимиз интеллектуал салоҳиятга эга, аҳди қатъий, шижоатли ва билимли қатламга таянади. Мазкур ҳужжат эса шундай интеллектуал ёшлар қатлами вужудга келишига хизмат қилади.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА