Элликқалъа ихтисослаштирилган санъат мактабида 1 март – ўзбек шеъриятининг ёрқин намояндаси Зулфия таваллуд топган кун муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда шоиранинг ибратли ҳаёти ва сермазмун ижоди ёш авлодни эзгуликка, садоқат ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Унинг шеърларида тараннум этилган муҳаббат, садоқат ва Ватанга меҳр туйғулари ёшлар қалбида чуқур таассурот қолдирди. Ўқувчилар томонидан шеърлар ўқилди ҳамда бадиий чиқишлар намойиш этилди.

Фаол иштирок этган ўқувчилар Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди.
***
Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да умумий ўрта таълим мактаблари ва техникумларда таҳсил олаётган 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи ёшлар ўртасида “Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижоди бугунги кунда ҳам қадрли” мавзусида асарлар танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ташкил этилди.

Унда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 70 нафардан зиёд ўқувчи ёш иштирок этди.
Ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти, бадиий тафаккур, миллий ғурур ва маънавий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган танлов якунида биринчи ўринни Қўнғирот тумани 12-сонли мактаб ўқувчиси Диана Тағабергенова, иккинчи ўринни Кегейли тумани техникуми ўқувчиси Қумаргул Даулетиярова, учинчи ўринни Қораўзак тумани 6-сонли мактаб ўқувчиси Айнура Жумамуратова эгаллади.
Танлов ғолиблари ва фаол иштирок этган жамоаларга ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар ва ҳар бир иштирокчига адабиётлар жамланмаси тақдим этилди.
***
OʻzLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Кенгаши томонидан “Депутат ва тадбиркорлар” форуми ҳамда “Фермерларга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда фермер ва тадбиркорларни қийнаётган ҳуқуқий ҳамда амалий муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ер муносабатлари, сув таъминоти, аграр соҳада янги механизм ва имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, депутатлик назорати орқали жойлардаги муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш механизмлари юзасидан таклифлар билдирилди.
Форум доирасида фермерлар томонидан илгари сурилган таклиф ва мурожаатлар депутатлар томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, “Фермерларга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳаси асосида қишлоқ хўжалиги субъектларига амалдаги қонунчилик бўйича ҳуқуқий тушунтириш ҳамда уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
***
Бўзатовда “Ватан таянчи” отряди аъзолари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи ўтказилди.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Кегейли тумани Мудофаа ишлари бўлими, Бўзатов тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади. Қизғин беллашувлар остида ўтган мусобақа якунида биринчи ўринни 8-сонли мактаб жамоаси, иккинчи ўринни 1-сонли мактаб жамоаси, учинчи ўринни 14-сонли мактаб жамоаси қўлга киритди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус дипломлар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА