English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
07:39 / 2026-02-17

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов Қўнғирот туманида сайёр қабул ўтказди.  Қабул давомида мурожаатларнинг аксарияти суд-ҳуқуқ соҳасига оид бўлди.

Кун мобайнида 30 нафарга яқин шахс қабул қилиниб, ижтимоий-иқтисодий масаладаги 9 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Ҳуқуқий тушунтириш берилган ва жойида ҳал этилгандан бошқа мурожаатлар ўрганиш учун назоратга олинди.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органларига 2025 йил давомида 5 мингдан ортиқ мурожаат бевосита сайёр қабуллар орқали келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 47 фоизи ижобий ечим топган.

***

Тўрткўл туманидаги “Тозабоғёп” овул фуқаролар йиғини ҳудудида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилиш мақсадида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда соҳа мутахассислари ва семинар иштирокчилари дала четларидаги бўш турган майдонлардан унумли фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашди.

Шу куннинг ўзида дала четларига иқлимга мос мевали кўчатлар экилди. Бу эса илгари эътибордан четда қолган ҳар қарич ердан қўшимча даромад олиш имконини беради.

***

Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, ундирувчи Қ.Г. фойдасига қарздор Қ.И.нинг ҳар ойдаги жами даромадидан қарамоғидаги уч нафар фарзандининг таъминоти учун 50 фоиз миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси Чимбой тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган. Жавобгар Қ.И. алимент тўловини мунтазам равишда ўз вақтида тўламаслиги оқибатида унинг қарзи 158 миллион сўмдан ошиб кетган. Шу сабабли унинг жавобгарлик масаласини ҳал этишга қаратилган ҳаракатлар олиб борилди.

Қарздор Чимбой туманида жойлашган ўзининг номидаги уйини собиқ турмуш ўртоғига совға қилди. Шундан сўнг, ундирувчи Қ.Г. Бюронинг Чимбой тумани бўлимига келиб, юқорида кўрсатилган суд ҳужжати асосида ундирилиши белгиланган алимент пулидан воз кечишини билдириб ариза берди ва ижро ҳаракати тугатилди.

***

Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 47-сонли умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда шоирнинг бой ижодий мероси, унинг адабиёт, маънавият ва жамият ривожига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар унинг ҳикматли сўзлари, шеърлари ва маърифатга чорловчи ғоялари билан танишиб, уларни ҳурмат билан ёдга олди.

Шунингдек, Абай Қўнонбоев ижодида мусиқанинг ўрни ҳам эътироф этилиб, унинг асарларида бадиий ва руҳий гўзалликнинг уйғунлиги, инсон қалбига илҳом бағишлашдаги роли қайд этилди. Мазкур тадбир ёшлар қалбида адабиёт ва санъатга меҳрни кучайтириш, маънавий қадриятларни ҳурмат қилиш ва бой ижодий меросимизни ўрганишга ундашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.