Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
15:11 / 2026-01-29

Нукус шаҳри ва Амударё туманида икки кун давомида “Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Амударё туманида Маданият марказида бўлиб  ўтган меҳнат ярмаркасида 500 нафардан ортиқ фуқаро, жумладан, ёшлар, хотин-қизлар, хориждан қайтган меҳнат мигрантлари ва иш излаётган шахслар иштирок этди. Тадбир давомида Германия, Польша, Жанубий Корея, Туркия, Япония ва бошқа давлатлардаги қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тиббиёт йўналишларидаги бўш иш ўринлари тақдим этилди.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан берилган иш ўринларига 337 нафар фуқаро қизиқиш билдириб, рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек, иштирокчиларга хорижда ишлашда қонунчилик, хавфсизлик, ҳуқуқий ва молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича батафсил тушунтириш берилди.

***

“Энг намунали кўча боши” кўрик-танловининг Мўйноқ тумани босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон бошқармаси бошлиғи С.Турманов ва бошқалар маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқ билан яқин ҳамкорликда ишлаш, ижтимоий муаммоларга бефарқ бўлмасдан, уларнинг ечимини топишда кўча бошиларининг меҳнати алоҳида эканини таъкидлашди.

Танловнинг туман босқичида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган кўча бошиларига 5 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.

***

Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида Ал-Хоразмий номидаги аниқ фанлар олимпиадаси юқори савияда ташкил этилди.

Математика фани бўйича ўтказилган олимпиада жараёнида махсус муҳрланган қоплар ўқувчилар гувоҳлигида очилиб, тест саволлари иштирокчиларга тарқатилди. Бу эса шаффофлик ва адолат тамойилларига тўлиқ риоя этилишини таъминлади. Тест топшириқларини бажариш учун ўқувчиларга 120 дақиқа вақт ажратилди.

Маълумот учун Ал-Хоразмий номидаги олимпиаданинг информатика фани бўйича босқичи 29 январь куни бўлиб ўтади.

***

Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш ва иқтидорли спортчиларни аниқлаш мақсадида бадминтон бўйича мусобақа ўтказилди.

ЎзЛиДеП Бўзатов тумани депутатлик гуруҳи ва спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 2012-2013 йилларда туғилган ўқувчилар иштирок этишиб, спорт мактаби чемпионлиги учун ўзаро беллашишди. Муросасиз ўтган мусобақада ёш спортчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги ва бадминтонга бўлган қизиқишини намойиш этишди.

Ушбу мусобақани ташкил этишдан асосий мақсад, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” оммавий спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш, ҳудудларда бадминтон спорт турини янада ривожлантириш, шунингдек, иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва туман терма жамоасини шакллантиришдан иборатдир.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири