Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
21:41 / 2026-01-14

Ўзбекистон Экологик партияси Тахтакўпир тумани партия ташкилотининг навбатдаги Кенгаш мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда 2025 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби тақдим этилди ҳамда 2026 йилги Давлат дастури доирасида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

2025 йилда эришилган натижаларга кўра, 10 та бошланғич партия ташкилоти ташкил этилган бўлиб, 431 нафар фуқаро партия аъзолигига қабул қилинди. Йил давомида жами 74 та тадбир ташкил этилди ва уларда 2 минг 584 нафар фуқаро иштирок этди. Бундан ташқари, 4 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, аҳоли манфаатлари ва экологик муаммоларни ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди ва йил давомида партия фаолиятида фаол иштирок этган бир қатор фаоллар рағбатлантирилди.

***

Ҳудудларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи якунланди.

Бир йил давомида Беруний туманидаги 40 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинидан 6 минг 70 нафар хотин-қиз  “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган эди.

“Шаббоз” овул фуқаролар йиғинидаги хатлов натижасида ижтимоий дафтарга киритилган 175 нафар хотин-қизга 6 тоифа асосида ёрдам берилди. Хусусан, хонадонидаги 10 сотих майдонда 80 туп лимон парваришлаётган Нигора Қурбонова 20-30 миллион сўм соф фойда олишини маълум қилди.

***

Чимбой тумани прокуратураси томонидан   мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида математика фанидан “Прокурор кубоги” доирасида фан олимпиадаси ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, ёшлар масаласи – бу нафақат тарбия масаласи, балки давр талаби, замон эҳтиёжи ва мамлакат келажагини белгилайдиган тарихий вазифадир. Жами 250 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этган мазкур фан олимпиадаси натижаларига кўра, биринчи ўринни 32-сонли мактаб ўқувчиси Г.Юсупова, иккинчи ўринни 2-сонли мактаб ўқувчиси А.Пердебаев, учинчи ўринни эса  43-сонли мактаб ўқувчиси А.Қадирбаев эгаллади.

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

***

Қўнғирот туманининг спорт мактабида 14 январь  –  Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари А. Мамутов иштирок этиб, мусобақа иштирокчиларини байрам билан табриклади ва уларга омад тилади.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақа якунига кўра биринчи ўринни туман Ички ишлар бўлими жамоаси, иккинчи ўринни Фавқулодда вазиятлар бўлими жамоаси, учинчи ўринни Миллий гвардия қўриқлаш жамоаси эгаллади.

Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири