Кегейли тумани “Жузим бағ" овул фуқаролар йиғини ҳудудида маҳалла ободлиги билан шуғулланувчи “Маҳалла сервис компанияси”нинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.
Сўзга чиққанлар “Маҳалла сервис компанияси”ни ривожлантириш орқали жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тезда ҳал этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлашди.
Тадбир иштирокчилари амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва янги бинонинг замонавий талабларга жавоб беришини юқори баҳолади.

***
Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида янги қурилган спорт зали, ошхона ва реконструкциядан чиққан ётоқхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори билан тасдиқланган мазкур иншоотларни топшириш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Байрам Утемуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Еркинбай Қутибаев ва спорт фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари янги фойдаланишга топширилаётган спорт залидаги шароитлар билан танишди. Бу ерда Осиё, Жаҳон ва Олимпия чемпионлари етишиб чиқишига тилак билдиришди.

***
Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Беруний туманида 2025 йилда 8 нафар ота-она қарамоғидан эрта айрилган, вояга етган ёшни уй-жой билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Беруний тумани бўлими томонидан бугун яна бир ёшга барча замонавий қулайликларга эга квартира топширилди. “Тўқимачи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мазкур хонадон Ербол Сармановга битмас-туганмас қувонч бағишлади.
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Беруний тумани бўлими раҳбари Ф.Примов уйни ўз эгасига топширар экан, Президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборини алоҳида таъкидлаб ўтди. Янги хонадон эгаси келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб, халқимизга хизмат қилишига тилак билдирилди.

***
Умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган кутубхона мудирлари танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Кутубхона мудирларининг касбий маҳоратини ривожлантириш, уларнинг ўз устида ишлаши учун имконият яратиш, китоб ўқишга қизиқишини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш ишларини мувофиқлаштириш мақсадидида ташкил этилган танловда шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари иштирок этишди.

Танлов якунига кўра, биринчи ўринни Мўйноқ туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабининг кутубхона мудири П. Қорабекова, Қонликўл туманидаги 22-сонли умумтаълим мактабининг кутубхона мудири Д.Даулетбаева иккинчи, Тахиатош туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабининг кутубхона мудири Г.Бекетова учинчи ўринни эгаллади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири