Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова Тахтакўпир туманида ёш оилалар ва фаол аёллар билан учрашди.
Ташриф давомида туманда оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, ёш оилалар билан суҳбатлашиб, уларга эзгу тилакларини билдирди. Туман фаоллари билан ўтказилган мулоқотда эса оилавий ажримларнинг сабаб ва оқибатлари, уларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.

Бош вазир ўринбосари тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга кўрсатилаётган психологик ёрдам хизмати жараёнларини ҳам кўздан кечириб, мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.
***
Томорқадан фойдаланишда берунийликларнинг ўз тажрибаси бор. Айниқса, мавсум давомида 2-3 маротаба ҳосил олиш, ердан самарали фойдаланиш орқали даромадга эга бўлишнинг сир-синоатини яхши эгаллаган.
Тумандаги “Бийбозор” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16 сотих томорқа эгаси Қурол Бекмуратов 1 сотих иссиқхонасида бодиринг ва кўкатлар экиб, қўшимча даромад олаётган бўлса, томорқасида етиштирган маҳсулотларни ички бозорда сотишни йўлга қўйган.

Томорқасида 3 минг туб турли навли узум кўчатларини етиштириб, Қозоғистон Республикасигача етказиб бераётган томорқачи Азат Исмаиловга боғдорчилик илми ота мерос касб ҳисобланади. Кўчатларнинг сифатли бўлиши ернинг унумдорлиги ва боғбоннинг тажрибасига боғлиқ. Ўз вақтида берилган эътибор ва йиллар давомида эгаллаган тажриба, узум навларининг янгиларини яратишга асос бўлиб хизмат қилади.
***
Тахиатош тумани Ички ишлар бўлимида фуқароликга қабул қилинган 6 нафар шахсга ID-карталар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Уларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига содиқ бўлиш, мамлакат тараққиёти ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш зарурлиги таъкидланди. Ўз навбатида фуқароликга қабул қилинган шахслар Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик қадриятларига содиқ қолишини билдирди.
Ушбу тадбир мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик масалаларида адолат ва очиқлик тамойилларига амал қилиш борасидаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
***
Қўнғирот тумани 28 октябрь - Халқаро дзюдо куни муносабати билан 2013-2015 йилларда туғилган ўсмирлар ва 2012-2014 йилларда туғилган қизлар ўртасида очиқ чемпионат ўтказилди.

Унда Амударё, Хўжайли, Қонликўл, Кегейли, Нукус туманлари ва Нукус шаҳридан жами 250 нафарга яқин ёш дзюдочи совринли ўринлар учун ўзаро куч синашди. Қизиқарли ўтган туман очиқ чемпионатида ғолиб бўлган спортчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА