Нукусда соғлиқни сақлаш соҳасида биринчи HealthTech AI Hackathon лойиҳасининг синов босқичи старт олди.
Мазкур лойиҳа 2025 йил октябрдан 2026 йил декабрига қадар босқичма-босқич амалга оширилади. Унда 5 минг нафардан ортиқ иштирокчи иштирок этиб, соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Нукусда ўтказилаётган HealthTech AI Hackathon лойиҳасининг асосий мақсади — тиббиёт соҳасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришдир. Лойиҳа мамлакатимиз тиббиёт ҳамжамияти ва IT-мутахассисларини бир майдонга тўплаб, рақамли соғлиқни сақлаш йўналишида янги ечимлар яратиш учун самарали миллий платформа шакллантиришни кўзлайди.
Тадбирда тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари, ёш шифокорлар, IT мутахассислари ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этмоқда.
***
Осиё тараққиёт банкининг иштирокидаги “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси асосида Қораўзак туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Хусусан, 11,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ асосида Озарбайжон компанияси томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида 3 та сув тақсимлаш иншооти, 177,3 км сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 1 минг 300 дан ортиқ хонадонга сув ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда 139,8 км сув тармоғи тортилди.

***
Коррупция иллатига қарши навбатдаги профилактик тадбир Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” божхона постида ўтказилди.
Ходимлар томонидан пост орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига божхона чегаралари орқали товар-моддий бойликларни олиб ўтиш меъёрлари ва даврийлиги бўйича кенг тарзда тушунтирилди.

Божсиз олиб ўтиш меъёрларидан ошган товарларга нисбатан ундириладиган божхона тўловлари турлари ва ставкалари бўйича ҳам ахборот берилди. Маълум ҳақ эвазига товарларни божхона чегаралари орқали ноқонуний тарзда олиб ўтишга уриниш ҳолатлари "коррупция"нинг кўриниши бўлиб, бу ҳаракат жиноий жавобгарликка тортилиши юзасидан ҳайдовчилар огоҳлантирилди.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Беруний тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларининг савдога чиқарилишининг олди олинди.

Жумладан ЯТТ Д.А. савдо дўконида 374 дона “Қаратау” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйганлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири