Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
11:06 / 2025-09-22

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрмановнинг мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълим таълим соҳасига бўлган алоҳида эътибори натижасида тизимда кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлаш, келажагимиз бўлган фарзандларимизга сифатли таълим-тарбия бериш, устоз ва мураббийларни улуғлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.

Бугунги кунда болажонларнинг боғчаларга бориш кўрсаткичи 2017 йилга нисбатан 27 фоиздан 84 фоизга етказилгани бу соҳада изчил натижаларга эришилаётганидан далолат беради. Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилиши, болалар учун қулай шароитлар яратилиши бу борада катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, учрашувда соҳада учраётган камчиликлар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланмаётган, таълим-тарбия жараёнига лоқайдлик билан ёндашаётган айрим раҳбарлар фаолияти кескин танқид қилинди. Келажак авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифага бепарволик билан қараш мумкин эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида мутасаддиларга соҳага оид давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, раҳбарларнинг масъулиятини ошириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

***

Хўжайли туманида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари Б.Наримонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Утемисов ва бошқа сўзга чиққанлар жамиятимизда энг долзарб масалалардан бири бўлган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, миграция муаммолари, бандлик ва меҳнат тартиб-таомиллари, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 4 августдаги “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти бўйича сўз юритишди.  

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди. Шундан сўнг, фуқароларнинг мурожаатлари якка тартибда тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилди.

***

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда нотариат ва адвокатуранинг ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал ҳамда Адвокатлар палаталари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида ўтказилган тадбирда нотариус ва адвокатлар ҳамкорлиги масаласи ҳамда амалиётдаги муаммолар муҳокама қилинди. Шунингдек қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Бундай учрашувлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этишга хизмат қилиши қайд этилди.  

Давра суҳбати якунида ҳамкорлик тадбирларини йилига камида икки марта ўтказишга келишиб  олинди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири