Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллик байрами арафасида Нукус шаҳрининг "Халқлар дўстлиги" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий "Ёшлар маркази" биноси фойдаланишга топширилди.
Марказнинг қурилиши ва жиҳозланиши Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети ва Ёшлар ишлари агентлиги маблағи ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этади.

Умумий майдони 2 минг 857 кв.м бўлган икки қаватли марказда “Book cafe”, “Заковат” клуби, чет тиллари, IТ ва робототехника йўналишлари бўйича ўқувлар, турли фанлар ва инклюзив касбий таълим, шашка ва шахмат тўгараклари, шунингдек, коворкинг маркази ва кичик мажлислар зали бор.
Марказнинг очилиши муносабати билан шахмат бўйича "Жўқорғи Кенгес раиси кубоги" мусобақаси ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги "Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт фонди иштирокида "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори асосида Беруний туманининг “Шимом” овул фуқаролар йиғинида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва маҳалла биносини қуриш белгиланган эди.

Бунинг учун 3,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, барча замонавий қулайликларга эга янги бино қад ростлади.
Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик тантаналари доирасида янги маҳалла мажмуаси фойдаланишга топширилди. Бинода спорт зали, тикувчилик хонаси, нон ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш цехи, аёллар гўзаллик салони, ўқув хоналари жойлашган бўлиб, ишга туширилиши билан ҳудуддаги 20 нафардан ортиқ ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди.
***
Кегейли туманининг “Гужум терак” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 29-сонли мактабда 2025-2026 ўқув йили янги замонавий бинода бошланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар барчани янги ўқув йили ва мактабнинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади. 330 ўринга мўлжалланган ушбу таълим масканида ўқувчилар учун барча шароитлар яратилди. 1-синфга қадам қўйган болаларга Президент совғалари тантанали равишда топширилди ва биринчи қўнғироқ садолари остида ўқув йили бошланди.
***
Элликқалъа туманида истиқомат қилувчи ёш Нурлан Саденбаевга мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами қўшалоқ қувонч олиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ёрдам тўғрисида" ги қарорига мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уй-жойга муҳтож ёшлар уй-жой билан таъминланиши белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази Элликқалъа тумани бўлими томонидан Нурлан Саденбаевга “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудидан 2 хонали янги уй совға қилинди.
Шунингдек мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида Кегейли туманида ҳам 2 нафар ёшга янги уйларнинг калити топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири