Қораўзак тумани Маданият саройида 30 июль – Халқлар дўстлиги кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар жамиятда ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат туйғуларини кучайтириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига тўхталишди. Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида таъкидланганидек, Халқлар дўстлиги куни ҳам халқимизнинг тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғоялари мужассам бўлган бой маданияти, урф-одат ва анъаналарини яққол намойиш этиш учун яна бир катта имкониятдир.
Тадбир доирасида ҳунармандчилик ва тасвирий санъат ҳамда китоблар кўргазмалари ташкил этилди. Туман маданият бўлими томонидан тайёрланган “Дўстлик оҳанглари” номли концерт дастури барчага завқ бағишлади.

***
Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Х. Бекчанов Шуманай туманидаги кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.
Тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш, ҳисобот топшириш, банк ва маъмурий жарималар билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Тадбир якунида мамлакатимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
***
Касаба уюшмалари томонидан ҳар йили кексаларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг маданий дам олишларини, тарихий шаҳар ва зиёратгоҳларга саёҳатларини ташкил этиш ҳамда тизимдаги санаторийларда саломатликларини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида яшовчи нуронийларга Хоразм вилоятидаги “Хонқа” ҳамда Тошкент шаҳридаги “Коҳинур” санаторийларига бепул йўлланмалар берилиб, уларнинг мароқли дам олишлари ташкил этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов ташаббуси билан Бўзатов туман ҳудудида истиқомат қилувчи 28 нафар нуронийга Тошкент шаҳридаги “Чинобод-Плаза” санаториясида бепул соғломлаштириш учун йўлланма берилди.
Нуронийларни соғломлаштиришдан ташқари, Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлари ҳамда маданий дам олиш масканларига олиб бориш ташкил этилади.

***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тўрткўл тумани бўлими ва Ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда валюта ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган шахс ушланди.
Жумладан валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган С.С. фуқаро М.Х.дан 5 минг АҚШ долларини 63 миллион сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири