Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
15:33 / 2025-07-07

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Шуманай туманида фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, қўшимча даромад олишига кўмаклашиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб “Қорабойли” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад олишига кўмаклашиш йўналишида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш зарурлиги, бунинг учун барча ёрдамлар берилиши таъкидланди. Шундан сўнг “Бирлешик” овул фуқаролар йиғини ҳудудида балиқчилик йўналиши билан шуғулланувчи Айнура Жумабоеванинг лойиҳаси, “Мамий” овул фуқаролар йиғинидаги Ободонлаштириш бошқармаси ер майдони, “Моншоқли” овул фуқаролар йиғинидаги Серегул Салиеванинг томорқаси кўздан кечирилди.

Жўқорғи Кенгес раиси “Оқжап” овул фуқаролар йиғинидаги кексалар билан ҳам учрашди. Уларнинг фикр-таклифларини тинглади. Аввалги учрашувларда билдирилган муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топаётгани ва ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади. Шу куни республика идора-ташкилотларининг фаоллари иштирокида ўтказилган мажлисда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси кўриб чиқилди.

***

Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов ва Қўнғирот туманларини боғловчи понтон (таянчлари бўлган кўприк) кўприги ишга тушди.

Президентимизнинг топшириғи билан Бўзатов ҳамда шимолий туманларни бевосита Қўнғирот тумани билан боғловчи понтон кўприкни қуриш бўйича ишлар бошланган эди. Қисқа вақт ичида амалий ишлар олиб борилиб, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинидаги “Порлитов” аҳоли пункти ҳудудидан ўтиб турган Амударёга понтон кўприги қурилди. Шу асосда аҳолининг муаммоси ижобий ечим топиб, икки қирғоқ ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилди.

***

Нукус Олимпия ва паралимпия турларига тайёрлаш марказида U-20 ёшдаги ўғил болалар ва қизлар ўртасида гандбол бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди.

Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни Сурхондарё вилояти, иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси, учинчи ўринни Андижон вилояти, қизлар ўртасида эса биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси, иккинчи ўринни Наманган вилояти, учинчи ўринни Сирдарё вилояти жамоалари эгаллади.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибаев, Ўзбекистон Олимпия қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг ижрочи директори Ш.Айтбаевлар спортчиларни эришган ютуқлари билан қутлаб, уларга келгуси мусобақаларда омад тилади. Ғолибларга кубок, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

***

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой ҳамда Амударё туманлари бўлимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди.

Жумладан, департаментнинг Чимбой тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқаролар А.Б. ва Б.А. фуқаро М.Х.га 4 минг АҚШ долларини 50,4 миллион сўмга сотаётган пайтда, Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ҳ.Е. фуқаро М.Х.дан 3 минг 600 АҚШ долларини 44 миллион 850 минг сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири