Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси томонидан “Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” ҳамда “Ёшлар куни” байрами муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида маданий тадбир ўтказилди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги, шаҳар ва туман бўлимлари фаоллари иштирок этди.
Ўзбекистон Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси раиси Женисбай Аяпов, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Махсет Турсинов ва бошқалар ёшларни байрам билан табриклаб, давлатимиз раҳбарининг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган вазифаларга тўхталди.

Тадбир якунида Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шаҳар ва туманлари бўлимлари фаол ёшларига Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Бирлашган қўмитасининг “Фахрий ёрлиғи”, ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
***
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев “Долзарб 90 кун” дастури доирасида Тўрткўл туманида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Дастлаб у туман спорт мактабида бўлиб, спортнинг бир нечта турлари бўйича юқори натижаларга эришиб келаётган ёшлар билан суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари тингланди, мактабда яратилган шароитлар ўрганилди. Мактаб маъмуриятидан спорт мактабига қўшимча бино ва спорт залларини қуришда амалий ёрдам сўраб, мурожаат келиб тушди.
Аниқланишича, спорт мактабида ёш спортчиларга тўлиқ ҳажмда спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар етарли эмас. Шу сабабли ушбу мурожаат ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш чораларини кўриш учун назоратга олинди.
***
Тахтакўпир тумани “Қоратеран” экотуристик мажмуасида кураш бўйича “Ҳоким кубоги” мусобақаси ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан 14 та жамоа иштирок этди.

Мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўринни Тахтакўпир тумани, иккинчи ўринни Чимбой тумани, учинчи ўринни эса Нукус шаҳри ва Нукус тумани жамоалари қўлга киритди. Ғолиб жамоалар кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.