Элликқалъа туманида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев, шунингдек, 60 нафардан ортиқ ёш тадбиркор, хокимият, маҳалла ва банк масъуллари иштирок этишди.
Учрашув давомида ёшларнинг стартап лойиҳалари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда юзага келаётган муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлари эшитилди. Истиқболли деб ҳисобланган лойиҳалар бўйича 30 нафар ёш тадбиркорга 2 миллиард сўмга яқин кредит ажратилишига, 2 нафарига тўғридан-тўғри, 5 нафарига аукцион орқали ер майдони ажратилишига кўмаклашилди. Шу билан бирга, банк раҳбарларининг муаммоли кредитлар бўйича ахборотлари эшитилиб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган режалар белгилаб олинди.

Бундан ташқари, Элликқалъа туманида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар томонидан жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
***
Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари иштирокида байрам тадбири ташкил этилди.

Унда марказ директори В.Бекмуратова соҳа ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этди:
– Сизларнинг меҳнатингиз туфайли жамиятда сўз эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик каби демократик қадриятлар мустаҳкамланмоқда. Ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқни таъминлаш, аҳолига ҳаққоний ва тезкор ахборот етказиш борасидаги фидойилигингиз таҳсинга сазовор. Бугунги кунда давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари қарор топишида сизларнинг ўрнингиз беқиёсдир.
Учрашув якунида марказ томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг ёритишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
***
Индонезиянинг Бали шаҳрида қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон қизлар ва эркаклар терма жамоаси фахрли 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди.

Қорақалпоғистонлик Ислом Абдазов, Муса Аймуратов, Зайнаб Дайибекова ва Гулистон Пердебевалар терма жамоа ютуғига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди. Нукус халқаро аэропортида уларни тантанали равишда кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар спортчиларимизни бутун халқимиз номидан самимий муборакбод этишди ва келгуси мусобақаларда бундан ҳам юқори натижаларга эришишлари учун тилак билдиришди.
***
Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари Т.Нурметов Беруний туманида бўлиб, ёшлар билан ишлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёқилғи энергия ресурслари тежамкорлиги ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб туманда ёшлар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича 7 вазн тоифасида ташкил қилинган “Прокурор кубоги” мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди. Шундан сўнг, уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан ҳабар олиниб, уларга таълим-тарбия беришдаги муаммолар ўрганилди. Ўқувчи ёшларнинг қизиқишлари инобатга олиниб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун уларга спорт анжомлари, планшет ва бадиий адабиётлар шунингдек, ўқув дастгоҳлари берилди. Шунингдек, янгидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш борасидаги ташаббусларга эга бўлган ёшлар билан учрашилиб, уларнинг бизнес лойиҳалари билан танишилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири