Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
16:26 / 2025-06-10

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш, шунингдек, иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Нукус тумани ҳокимлиги, илмий ташкилотлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари вакилларидан иборат делегация Беларус Республикаси Минск шаҳрига ташриф буюрди.

Ташрифнинг биринчи куни “Белагро-2025”  халқаро агросаноат кўргазмаси ташкил этилиб, унда агротехнологиялар, қишлоқ хўжалиги техникалари, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва агроинновациялар соҳасидаги сўнгги ютуқлар намойиш этилди. Кўргазмада Беларус тажрибаси асосида қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги техникалари саноатини ривожлантириш масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Шундан сўнг делегация аъзолари “Технологии земледелия” МЧЖ нинг рақамли  ИАС TTZ платформаси, агроконсалтинг ва аниқ ер усти ечимлари билан танишишди. Шу билан бирга, “Белсемена” уюшмасида уруғлик маҳсулот етказиб бериш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, “НТП-Синтез” МЧЖ нинг ишлаб чиқариш технологияларини Нукус туманида синовдан ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари мезбонлар билан Минск трактор заводида ишлаб чиқариш ва сервис маркази фаолияти билан танишишди ҳамда Қорақалпоғистонда сервис маркази очиш имкониятларини муҳокама қилишди.

***

Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида 2024-2025 ўқув йили якуний босқичга келиб, давлат аттестация имтиҳонлари ва битирув малакавий ишларини ҳимоя қилиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтини жорий ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим йўналишлари бўйича 2 минг 100, сиртқи таълим йўналишлари бўйича 2 минг 181 нафар талаба, магистратура мутахассисликлари бўйича 144 нафар магистрант битириб чиқиши кутилмоқда. Улар орасида республика ва халқаро мусобақалар, танловлар ва фан олимпиадалари, давлат стипендиялари танловларининг ғолиблари, ўқув ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган кўплаб ёшлар бор.

Институт ректорати ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган ана шундай фаол талабаларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.

***

Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл” оромгоҳида  “Болалар билан табиатни асрайлик” мавзусида ижодий танлов бўлиб ўтди ва унда иштирокчилар ўзларининг табиатга бўлган муҳаббат ва эътиборларини ижодий ишлари орқали  акс эттиришди.

Танлов ғолибларига Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири