Тажриба оммалашмоқда
Нукус туманидаги 1-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган умумий ўрта таълим мактабида “Касбий таълимни ривожлантириш” мавзусида республика семинари ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунарга ўқитишнинг янги тизими жорий этилди. Қарор ижросини таъминлашда тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 17 та умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича касбий таълим устаси фаолият олиб бормоқда. Семинардан кўзланган мақсад ушбу тажрибани кенг оммалаштиришдан иборат.
Семинар давомида мактаб ўқувчилари билан биргаликда “Оқманғит камалак инвест” корхонасига саёҳат ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки ушбу корхонада тикувчилик касбини яхши эгаллаган туман мактаб битирувчиларининг бандлиги таъминланмоқда.
Бозор расталарига янги маҳсулотлар
Тахиатош тумани “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Нукус универсaл бaзaси” масъулияти чекланган жамият томонидан 2019 йилда Жанубий Корея технологияси асосида 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган эди.

Иссиқхонага бодринг экилиб, айни пайтда парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олиш ишлари амалга оширилмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларга етказиб берилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ишлар бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлашга ҳамда экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди.

“T.H.” масъулияти чекланган жамият масъул шахслари корхонага қарашли маъмурий бинода тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, жами 118,1 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири