Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
11:21 / 2023-07-20

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган бошқарма бошлиғи ва инспектор ушланди.

Фуқаро Ф.Ю. фуқаро С.О.ни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Жисмоний маданият факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ долларни олган вақтида ушланди. Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда ушбу университетнинг ўқув услубий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Б.Д. фуқаро Ф.Ю.дан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фуқаро Ш.Е. ва Нукус тиббиёт техникуми ички назорат бўлими инспектори Д.Н. фуқаролар Ш.К., И.Ю. ва О.С.ни ушбу техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 12 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

******

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқаролар қўлга олинди.  

Фуқаро Б.А. (муқаддам ЖКнинг 177-моддаси билан судланган) ва А.Д. жами 3 минг 300 АҚШ долларини фуқаро С.А.дан 38,1 миллион сўмга сотиб олган вақтида ушланиб, уларнинг ёнидан 250 АҚШ доллари, 81 минг 500 қозоқ тенгеси ва 50,7 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

******

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик танловининг Кегейли туман босқичида 20 нафарга яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қиз ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этди.  

Танловни ўтказишдан мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, юртимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ватанимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишларидаги фаоллигини рағбатлантириш орқали замонавий тадбиркор аёл қиёфасини яратишдан иборат.

Ҳакамлар танлов мобайнида тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қизларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг шу даврга қадар эришган ютуқлари, имкониятлари ва келгуси режалари билан қизиқди.  

Танлов якунида биринчи ўрин “Сарбиназ миллий кийимлари” МЧЖ раҳбари Сарбиназ Атаниязова эгаллади. Иккинчи ўринни “Аллаяр Мухамедяр” МЧЖ раҳбари Гулчеҳра Жуманазарова, учинчи ўринни якка тартибдаги тадбиркор Дилбар Сейтниязова эгаллади. Бундан ташқари иштирокчилар бешта номинация бўйича ҳам рағбатлантирилди. Ғолиб танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Жойларда танловнинг шаҳар ва туман босқичлари давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири