Рамазон ҳайити байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Қум овул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Салмен эшон” жоме масжиди фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси Ш. Бауатдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Сапарбаев ва бошқалар йиғилганларни Рамазон ҳайити байрами ҳамда янги жоме масжидининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг динга эътиқод қилиш эҳтиёжини қондириш, ибодат, расм-русумларни биргаликда адо этишга имконият ва шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ҳам эзгулик, саховат ва мурувват айёми бўлган муборак Рамазон ойини ҳамжиҳатлик билан ўтказди.
Янгидан фойдаланишга топширилган жоме масжидида аҳоли учун барча шарт-шароит яратилган. Тадбирда қурилиш ишларида фаол иштирок этган ва хайрия ҳиссасини қўшган инсонларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Янги масжидда илк намоз адо этилди.
*****
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, шаҳар ва туман бўлинмалари томонидан бир қатор хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Саховат тадбирлари доирасида кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чимбой тумани бўлинмаси томонидан “Оржап” маҳалласида яшовчи Тоқтагул Генжеевага дори-дармон учун 1 миллион 800 минг сўм, Бердақ маҳалладан Марат Нурмаганбетовга 4 миллион сўм, “Тағжап” маҳалласидан Ҳаммагул Сапарбоевага 2 миллион сўм, “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дамир Даўжановна 2 миллион сўм берилди. Бундан ташқари, Рамазон ҳайити байрами муносабати билан Бердақ маҳалла фуқаролар йиғинидан Мумтозбону Абдуллаева, “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Даўранбек Салиев, “Кўкчақалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида ёлғиз яшовчи Жолдасбой Гулекеевлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири