Маълумки, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилди.
Бу ҳудудларда тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш учун “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари маҳаллий бюджетларига 100 миллиард сўмдан жами 200 миллиард сўм маблағ ажратилди. Давлат дастурида бу амалиётни 2022 йил 1 апрелдан жорий этиш белгиланган бўлса, ундан ҳам олдин, яъни 2022 йилнинг февралидан бошлаб йўлга қўйилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси ва Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун яратилган шароитлар, шунингдек, 1-4-синф ўқувчиларининг бепул овқат билан таъминланиш ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш борасидаги ишлар — озиқ-овқат маҳсулотлари хариди, етказиб берилиши, сақланиши, ўқувчиларни овқатлантириш ҳолати, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун ошхоналар ва буфетлар ташкил этилгани ҳамда улардан фойдаланиш ҳолатига эътибор қаратилди.

Мазкур ўрганиш якунларига бағишланган тадбирда парламент қуйи палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова аниқланган ҳолатларга тўхталиб ўтди:
— Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишган холда “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти умумтаълим мактабларидаги 7-11 ёшли ўқувчилар учун нонуштага мўлжалланган 5 кунлик таомнома” тасдиқланиб, барча умумтаълим мактабларига етказилган.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактаблари ошхоналари хатловдан ўтказилиб, унинг натижаларига кўра, ошхона ва буфетларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ва жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда. Умумтаълим мактабларида соғлом овқатлантириш тизимини доимий назорат қилиш бўйича масъул ходимлар бириктирилган. Қорақалпоғистон Республикасидаги 716 та умумтаълим мактаби географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар кесимида 64 та лотга, Хоразм вилоятидаги 542 мактаб 34 лотга жойлаштирилиб, тендер танловлари асосида ғолиб топилган кейтеринг ташкилотлари томонидан мактабларга ҳар кунлик озиқ-овқат етказиб берилмоқда.
Кенгайтирилган йиғилишда сўз олган депутатлар бошланғич синф ўқувчиларини давлат маблағлари ҳисобидан бепул, соғлом овқатлантиришни ташкил этиш билан боғлиқ бир қатор таклиф, тавсия ва фикрларини билдирдилар.
Хусусан, мазкур жараённи ташкил этиш учун давлат харидларини амалга ошириш механизмларини соддалаштириш, таомномани мутахассислар билан биргаликда қайта кўриб чиқиш, умумтаълим мактабларида мавжуд ошхоналардан тўлақонли фойдаланиш учун шароитлар яратиш, шароити мавжуд бўлмаган мактабларда ошхоналарни қуриш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги айтилди.
М.Комилова,
ЎзА