Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бошчилигидаги делегация айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб, ҳамкорлик учрашувлари ўтказмоқда.
Жорий йилнинг октябрь ойида давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан амалий ташрифи давомида қўшма лойиҳалар “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган эди. Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш ва ҳамкорлик юзасидан истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишдир.
Делегация аъзолари дастлаб Пекин шаҳридаги мамлакатимиз элчихонасида ташкил этилган “Қорақалпоғистон – Хитой бизнес форуми” доирасидаги инвестиция ва туризм соҳасини ривожлантириш форумида иштирок этди. Унда ушбу мамлакатнинг бир қатор йирик компаниялари билан учрашувлар ташкил этилди.
Жумладан, “Ji An Tai Technologies” компанияси билан мармарни қайта ишлаш ва олтинни флотация усулида қайта ишлашни ташкил этиш, “Norinco International” компанияси билан йўловчи ташиш транспортини етказиб бериш, “Liaoning Lide Investment Holdings Group Pte. Ltd” компанияси билан қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари ишлаб чиқариш, “Guangdong Urban &Rural Planning and Design Institute Co. LTD” компанияси билан Қорақалпоғистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Шунингдек савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қиймати 1,4 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланди.
Ташриф дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев ва делегация аъзоларининг Цзянсу провинцияси партия қўмитаси котиби Син Чансинь билан расмий учрашувида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, дўстлик ва шериклик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида сўнгги йилларда қабул қилинган фармон ҳамда қарорларнинг моҳияти, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Меҳмонлар Чжэньцзян шаҳридаги “World Group” қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, кўргазма павильони билан танишди. Компания раҳбари Чжу Линьцзуан билан учрашув мамлакатимизда, шу жумладан, Оролбўйида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, аҳолини ва аграр секторни ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос замонавий ҳамда арзон қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, компаниянинг Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ва сервис хизматини кўрсатувчи янги корхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Хитойнинг “Jiansu Tiansheng Pharmaceutical co., LTD” директорлар кенгаши раҳбари Цзи Хао билан учрашув ҳам самарали бўлди. Компания раҳбари таъкидлаганидек, 2018 йилда 5 миллион доллар инвестиция киритиб, Нукус туманида қўшма корхона ташкил этилди. Унда ҳозирги вақтда 150 нафар киши иш билан таъминланиб, қизилмия экстракти хорижга экспортга йўналтирилмоқда. Ҳамкорлик янада давом эттирилиб, келгуси йили янги лойиҳалар амалга оширилиши билдирилди.
Ташриф давомида Хитойнинг бир қатор йирик тадбиркорлари билан турли хил форматларда учрашувлар ўтказилди ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Жумладан Қораўзак туманидаги “Karakalpak sement” ҳамда “Shah polan” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан умумий қиймати 135,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 4 та инвестицион келишувга эришилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири