Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон делегацияси Туниснинг туризм тажрибасини ўрганмоқда
13:22 / 2023-10-21

Жорий йилнинг 15-22 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ташаббуси билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида қорақалпоғистонлик делегация учун Тунис Республикасига амалий–ўқув сафари ташкиллаштирилди.

Делегация таркиби давлат идоралари, “Muynak Tours”, “Ayaz Yurt”, “Topraqqala Tour”, “Karakalpak Palace” туристик корхоналари раҳбарлари, туризм соҳасидаги экспертлар, шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг вакилларидан иборат.

Амалий-ўқув сафари Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Иқтисодий ислоҳотлар ва Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда 2023-2026 йилларда туризмни ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, сафарнинг асосий мақсади Қорақалпоғистонга географик жиҳатдан ўхшаш бўлган Тунис Республикасининг туризм соҳасига оид тажрибасини ўрганишдан иборат.

Сафар давомида делегация аъзоларининг Тунис Республикаси Туризм ва ҳунармандчилик вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан учрашуви, Медина шаҳрининг маданияти ва туристик салоҳияти билан танишиб чиқиши, саҳро ҳудудларидаги туризм объектлари ва жойлаштирув воситаларининг фаолиятини ўрганиб чиқиши режалаштирилган.

Маълумот учун: Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳамкорликда сўнгги йиллар мобайнида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Шулар қаторида Қорақалпоғистонда 2023-2026 йилларда туризмни ривожлантириш стратегиясининг ишлаб чиқилиши асосий йирик лойиҳалардан бири бўлиб ҳисобланади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири