Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистон деганда самимий, меҳнаткаш, бағри дарё инсонлар маскани кўз олдимизга келади
13:18 / 2022-08-28

Қорақалпоғистон деганда Ватанимизнинг шимолий ғарби, Амударё этаклари ва Орол денгизининг жанубий соҳилларидаги бийдай дала-даштлар, бепоён саҳролар, қолаверса, глобал экологик муаммо ҳудудида умргузаронлик қилаётган самимий, меҳнаткаш, бағри дарё инсонлар кўз олдимизга келади.

Бошқа ҳудудлар билан таққосласак, бу мўъжаз масканга давлатимиз раҳбари юксак эътибор қаратмоқда. Хусусан, жорий йил 26 август куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган даврдан буён ўнинчи ташрифи билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этгани оммавий ахборот воситаларида ҳам эътироф этилди.

Сессияда аввало Президентимиз Қорақалпоғистонда қарийб чорак асрдан бери йиғилиб қолган муаммоларни ҳар гал шу эл билан бамаслаҳат, елкама-елка туриб ечимини топиб, ижросини кафолатлаш учун 31 та фармон ва қарорлар қабул қилганини алоҳида таъкидлади.

Ҳақиқатан олти йилки, Қорақалпоғистонда инфратузилмани ривожлантириш йўлидаги муҳим қарорлар, йўл хариталари «Инсон қадри учун» тамойилига асосан жорий қилинаётгани кўламли бунёдкорлик ишлари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда бўй кўрсатмоқда. Биргина Мўйноқ мисолидаги бунёдкорликлару ободонлаштиришлар тимсолида қишлоқ ва овуллар, шаҳар ва туманларнинг кўз кўриб танимас даражада қиёфаси янгиланганига гувоҳмиз.

Изчил татбиқ қилинаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар сони 2 баробар ошган, боис 13 та ҳудудга нисбатан давлат сармоясининг сезиларли қисми ўтган даврда Қорақалпоғистонга йўналтирилиб, айни пайтда, 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилган, бу саъй-ҳаракатлар қорақалпоғистонликларнинг бандлигини таъминлашга, ҳаётини фаровонлаштиришга асос бўлди.

Бу фикрларимизга, сессияда президентимизнинг «Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратдик», деган сўзлари инкор қилиб бўлмас далил десак, муболаға бўлмайди.

Инчунин, ўтган беш йилликда Қорақалпоғистонда чучук сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим муассасаси қамрови 32 фоиздан 76 фоизга ва аҳоли даромадлари жон бошига икки баробарга ошди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, афсуски, қанчадан-қанча ажратилаётган давлат сармоялари ва алоҳида эътиборга қарамасдан баъзи мавжуд ижтимоий ўткир муаммолар қорақалпоқ аҳолиси кайфиятига салбий таъсир қилаётгани сир эмас. Жумладан, электр таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви танқислиги ва нарх-наво барқарорлиги сақлаб турилмагани каби важлар салбий омиллардан. Бундай сабаб ва оқибатларда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига панжа ортидан қарашини танқидий баҳолаб: «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар «халқни рози қилиш» деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», деди Президент.

Сессияда Шавкат Мирзиёев жорий йил июль воқеаларига алоҳида тўхталаркан, юзага келган тартибсизликларда қисман баъзи раҳбарларнинг кўр-кўрона лоқайдлиги борлигини айтиб: «Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга ҳалол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда», деди куйиниб.

Сессияда Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ Жўқорғи Кенгес Раиси лавозимига тавсия этилган Аманбай Тлеубаевич Орынбаевнинг номзодини кўриб чиқиш таклифи берилиб, Қорақалпоғистонни янгича тараққиётга бошлаш, муаммоларни туб илдизлари билан бартараф этиш, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда жадал ислоҳотларни амалга ошириш ва аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига раисликка қўйилган номзод Аманбай Оринбаевнинг Қорақалпоғистонни янги босқичда ривожлантириш учун кенг кўламли режаларига таяниб сўраган сармояси давлатимиз раҳбари томонидан ажратилажаги билдирилди.

Ҳудудда жадал суратларда оилавий тадбиркорлик, аграр сектор, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига субсидиялар ажратиш, айниқса, таълим сифатини оширишни таъминлаш ва ёшлар борасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлари қўллаб-қувватлади. Аманбай Оринбаевнинг истиқболли таклифлари бўйича қўшимча имтиёзлар бериш хусусида масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудуд учун фойда солиғи ставкасини 15 фоиздан 7,5 фоизга тушириш, мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 бараварга камайтириш каби кўплаб тармоқлар бўйича қарор лойиҳасига енгилликлар киритиш маъқулланди.

Қизғин руҳда ўтган сессияда Қорақалпоғистонда жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун режадаги 650 миллиард сўмга қўшимча равишда 200 миллиард сўм ажратилиши, аграр соҳада йил якунига қадар 6 минг 620 гектар, келгуси йилда 6 минг гектар пахта ва ғалла ерларини қисқартириб, аҳолига ижарага беришга рухсат берилди. Ажратилган суғориладиган майдонларга экин харажатлари учун фермерларга 200 миллиард сўм ва деҳқонларга 50 миллиард сўм, сув таъминотини яхшилаш учун 15 миллион сўмгача субсидия ажратиш ҳамда бошқа молиявий кўмаклар тасдиқланди.

Шунингдек, саноат лойиҳаларини кўпайтириш мақсадида Инвесторларга кўмак марказини ташкил этиш, Марказ қошида Нукус шаҳридаги 10 гектар ер майдонида Саноат технопарки қуриш, Кегейли ва Хўжайли туманларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини йўлга қўйишга кўрсатма берилди.

Кенгашда беш йил муддатга фақат Қорақалпоғистон тадбиркорларига экспорт учун хомашёларни ташишда (Ўзбекистон ҳудудида) 70 фоиз транспорт харажатларини қоплаб бериш, Қораўзакда мис ишлаб чиқариш, Қўнғиротда янги каустик сода ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқариш заводларини қуриш каби йирик лойиҳалар ташаббуси илгари сурилди.

Халқимизда йўл қуриш савобли иш, деган нақл бор. Йўллар қурилиши аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, дуосига сазовор бўлишдан ташқари, интеграция ва инфратузилмани ривожлантиришга асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Қорақалпоғистонда инфратузилмани ривожлантиришдаги муаммоларни ечишни кўзлаб Президент «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтган қисмини реконструкция қилиш учун 160 миллион доллар жалб этишга рухсат бергани, бу - катта имкониятлар манзили сари одимлаш дегани.

Таъкидлаш жоизки, бугун Қорақалпоғистонда иссиқлик таъминоти ва яшаш учун зарур бўлган эҳтиёжларни ўз вақтида таъминлаш ўта долзарб. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат ва бошқа ҳаётий зарур эҳтиёжлар учун 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш, 15 сентябрдан бошлаб ҳудудда туғма имконияти чекланган ва имтиёзга эга бўлиш мумкин бўлган қорақалпоқликларга темир йўл, авиа чипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёзни тиклашни айтди. То 2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумларни Қорақалпоғистон бюджетида қолдиришни ҳам қарор қилди.

Ҳар галгидек муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълимга алоҳида эътибор қаратиб, боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари қурилишига келгуси беш йилда қўшимча 5 триллион сўм ажратиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аҳоли учун якка тартибдаги уй-жой қуриш мақсадида ер участкаси тақдим этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйиларкан, «Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз ва бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман», деди Президент.

Шу йил 22 август куни Президентимиз тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб берган эди. Сессияда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик мавзусига яна тўхталиши қорақалпоғистонлик ёш ишбилармонларга 7 йилгача муддатга имтиёзли шартлар асосида ссудалар ажратишга асос бўлди, ёшларда катта-катта мақсадларни амалга оширишга туртки бўлди.

Японларда бир ибора бор, «Фарзанд тарбияси оналарнинг эгаллаган касби ва олган таълим даражасига боғлиқ». Ибора маъноси шундаки, агар хотин-қизлар оммавий таълимга жалб қилиниб, касб-ҳунар ўргатилса, албатта, улар тарбиялаётган авлод эртага мамлакат равнақига ҳар жиҳатдан муносиб хизмат қила олади. Сессияда айниқса, хотин-қизларни хорижий тиллар ва IТ соҳасига ўқитиш курсларини ташкил этиш, бундай инновацион жадал ривожланиш учун имкониятлар сафарбар қилиш борасидаги амалий ишлар барчани бирдек мамнун этди.

Давлатимиз раҳбари томонидан таълим ва касб-ҳунар соҳаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш учун Қўнғирот, Нукус ва Чимбой туманларида 4 та «Ишга марҳамат» мономарказларини ташкил этиш ва фақат қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий қилиниши таклиф этилди. Қорақалпоғистондаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация, қурилиш соҳаларида таянч докторантурада қўшимча кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга топшириқ берилгани эса, йиғилганлар қалбида катта миннатдорлик туйғуларини уйғотди.

Шу аснода муҳтарам Президентимиз Жўқорғи Кенгеснинг янги Раисига мурожаат қилиб, «Аманбай Оринбаев адолат, садоқат, ҳалоллик, масъулият, ташаббускорлик ва фидойиликни ўз фаолиятининг энг муҳим мезонлари сифатида белгилаб олиб, сайланган лавозимида Қорақалпоғистон аҳлига сидқидилдан хизмат қилиши ва ўзига билдирилган ишончни оқлаши лозим», деди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ўзлари танлаган номзодни раҳбар қилиб тайинлашни қўллаб-қувватлар экан, биргаликда бир куч бўлиб Қорақалпоғистонда улкан ислоҳотлар бошланиши, бундай ижобий ўзгаришларни қорақалпоқ халқи сезиши кераклигини, эскича фикрлаш ва ишлаш билан Қорақалпоғистонда ишлаб бўлмаслигига урғу берди. “...Худо хоҳласа, ҳаётнинг ҳар қандай синов ва машаққатларига бардош бериб, эртанги кунга катта ишонч билан яшаётган мард ва матонатли Қорақалпоғистон халқининг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга қаратилган бу эзгу ва хайрли ишларни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз», деб қўшимча қилди.

Давлатимиз раҳбари Жўқорғи Кенгес сессиясидан чиқар экан, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишиш, уларнинг турмуш тарзини яна бир бор кўздан кечириш, керак бўлса, дардини тинглаш мақсадида Нукус шаҳридаги «Амударё» маҳалласига борди. У масканда ҳаёт кечираётган нуроний отахону онахонлар ва маҳалла аҳли билан юзма-юз учрашди, аҳоли турмуш тарзидаги муаммолар ва янгиликларни реал кузатди.

Мухтасар айтганда, қорақалпоғистонликларга янги раҳбар билан янгича ҳаёт нафаси кириб келиши, уларни қийнаб келаётган муаммолар шижоат билан осон ҳал бўлиши, ҳар бир фуқаронинг орзу интилишлари қўллаб-қувватланишига давлатимиз раҳбари катта ишонч билдирди. 

Қўнғиротбой Шарипов,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори