Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Хўжалар” МФЙ Бухоро кўчасида жойлашаган бино ва иншоотлар ҳамда уларга туташ 6,939 гектар ер майдонида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича таълим бериш ва IT-хизматлар экспортига ихтисослаштирилган Қоракўл IT-кластери ташкил этилади.
IT-кластер доирасида қуйидагилар ташкил этилади:
замонавий инфратузилма, лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказларига эга университет;
масофавий IT-хизматлар экспорти маркази;
илмий-тадқиқот марказлари, ўқув лабораториялари ва стартап лойиҳаларни ривожлантириш инкубация маркази ва бошқа объектлар.
IT-кластер фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади:
халқаро таълим стандартлари асосида киберхавфсизлик, сунъий интеллект, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг бошқа долзарб йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илмий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;
хорижий ва маҳаллий IT-компанияларида талабалар амалиётини ташкил этиш;
ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва хизматлар кўрсатиш, масофавий IT-хизматлар экспорти ҳажмини оширишга кўмаклашиш;
рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ёшларда бундай кўникмаларни шакллантириш.
Қурилиш ишлари икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда – 2023 йил 1 сентябрга қадар маъмурий бино, ўқув лабораторияси ва 5600 ўринга мўлжалланган ўқув бинолари қурилади ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминланади.
Иккинчи босқичда – 2024 йил 1 сентябрга қадар 1300 ўринга мўлжалланган талабалар тур жойи, 15 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, 100 ўринга мўлжалланган инкубация маркази, 200 ўринга мўлжалланган масофавий IT-хизматлар экспорти маркази, ошхона, очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотлари қурилади, жиҳозланади ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
ЎзА